Маълумки, инсонлар ўртасида қарз олди-бердиси қадимдан давом этиб келаётган молиявий муносабатлардан бири ҳисобланади. Йиллар давомида ушбу саъйи-ҳаракатлар такомиллаштирилиб, тизимли ва босқичма-босқич замонга мос қилиб, амалга оширилмоқда.
Албатта, бу жараёнларнинг қонунийлаштирилиши қарз муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олади. Бугунги кунда юртимизда кредит муносабатлари нафақат банклар, балки Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар орқали ҳам амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида молия бозори иштирокчилари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади.
Деярли ҳар биримиз у ёки бу кўринишда кимдандир қарз олганмиз. Ёки қарз берганмиз.
Жисмоний шахслар ўртасида олди-берди қарз муносабатларининг ўзига яраша муаммолари бор. Масалан, қарз олган шахс қарз маблағларини қайтаришидан бўйин товлаши мумкин. Бундай вазиятларда маблағлар тақчиллигининг энг мақбул ечими сифатида Микромолия ташкилотларига мурожаат қилишдир.
Хўш, Микромолия ташкилотлари ўзи нима? Банк билан микрокредит ташкилотларининг фарқи нимада?
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Микромолия ташкилотлари кредит бозорида ўзининг роли бор. Содда қилиб айтганда, микрокредит ташкилотларининг асосий вазифаси тез ёрдам маъносида бўлиб, яъни банкнинг қадами етиб бормаган чекка ҳудудларга, банкларнинг филиаллари йўқ жойларга микрокредит ташкилотларини очиб, аҳолига яқинроқ бўлиш вазифасини бажаради.
Микрокредит ташкилотларидан кредит олиш анча содда, оммабоп ҳисобланади. Кредит ташкилотларининг асосий вазифаси молиявий маданиятни ривожлантиради. Микрокредит ташкилоти тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Яъни тадбиркор шу ташкилотни очади. Ўзининг маблағини қўяди. Шуни ҳам айтиш жоизки, шу вақтга қадар чет эл инвестициялари бу секторга киритилмаган.
Юқорида қайд этилган қарор билан хорижий инвестицияларни жалб қилиш белгиланган. Эътиборли жиҳати шундаки, шу вақтга қадар Микромолия ташкилотлари аҳолига 50 миллион сўмгача кредит ажрата олмаган. Эндиликда 100 миллион сўмгача кредит ажратилади.
Микромолия институтлари Миллий Ассоциациясининг маълум қилишича, бугунги кунда юртимизда 84 та Микромолия ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларнинг жами активлари миқдори 3,9 триллион сўмни ташкил этади.
Қонунчиликка асосан, Микромолия ташкилотлари масъулияти чекланган жамият ёки акционерлик жамият кўринишда ташкил этилиши мумкин. Устав капиталига қўйиладиган талаб, бу 2 миллиард сўмни ташкил этади. Таъсисчиси ва раҳбариятга малака талаблари ва ишбилармонлик кўникмалари талаблари мавжуд. Улар ташкил топиб, рўйхатга ўтганидан кейин, Марказий банкка ҳисоб рўйхатига қўйилади. Бу ҳисоб рўйхатига киритилганидан сўнг, ўз фаолиятларини олиб боришлари мумкин. Охирги йиллар бу тизимда, қонунчиликда ўзгартириш киритилиши натижасида, 7 та хорижий инвестиция асосидаги ташкилотлар ҳам фаолият олиб боришмоқда.
Эътиборлиси шундаки, мамлакатимиздаги Микромолия бозори хорижлик инвентарларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
Микромолия ташкилотларида микроқарз, микрокредитлар, лизин ва факторинг хизматлар кўрсатилади. Бундан ташқари истеъмол кредитлари ҳам ажратилиши назарда тутилган. Жисмоний шахсларга ажратиладиган микроқарз хизмати энг паст чегараси мавжуд эмас, у ташкилотнинг ўзининг сиёсатидан келиб чиқиб белгиланади.
Тадбиркорлик субъектларига эса микрокредит хизматини кўрсатиш мумкин. У ҳозирда 3 миллион сўмгача этиб белгиланган. Аммо ундан юқори хизматларни ҳам кўрсатиш мумкин. Бу бошқача таснифланади. Унинг чегараси йўқ.
Бутун дунёда Микромолия ташкилотларининг фаолияти амалга оширилади. Улар кўпроқ ижтимоий йўналишларга эътибор қаратади. Аҳолини бизнесга тайёрлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, яшил Микромолия хизматлар ҳозирда долзарб бўлиб турибди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам аёллар ва қишлоқ жойлардаги аҳолининг тадбиркорликни йўлга қўйишига имконият яратилмоқда.
Эндиликда бу каби Микромолия ташкилотларини янада ривожлантириш ҳамда аҳолига Микромолия хизматларининг оммабоплигини яна ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 10 ноябрида “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда Микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилди. Бунинг натижасида аҳолининг фаол қисми микромолиявий хизматлардан фойдаланган ҳолда, ўзини ўзи банд қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали тадбиркорлик субъектига айланишига эришиши мумкин.
Юқоридаги қарор ўз ичига бир нечта масалаларни қамраб олади. Хусусан, 2024 йил мўлжалланган соҳани ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, бу дастур қарорда қамраб олинмаган вазифаларни кетма-кетлигини белгилаб беради. Соҳа вакиллари регулятор билан биргаликда тадбиркорлик субъектларини қамраб олиб, ривожланиш истиқболларини белгилаш учун имконият яратилади. Бундан ташқари, Микромолия ташкилотларини эндиликда акционерлик жамияти ва масъулияти чекланган жамият кўринишида ташкил этиш белгиланмоқда. Микромолия ташкилотлари ва банклар ўртасида янги турдаги ташкилот, Микромолия банки ташкил этиш назарда тутилмоқда. 1 апрелга қадар қонунчиликка ўзгаришлар ишлаб чиқилади ва Микромолия банкининг фаолияти йўлга қўйилади. Микромолия банки ҳозирда Микромолия ташкилотларида молиялаштириш манбалари чекланганлигининг ечимини беради. Бу аҳолидан омонат маблағларини жалб қилиш имкониятини яратади.
Микромолия ташкилотлари бугунги кунда жадал равишда кредитлаштириш портфелларини ошириб келмоқда. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 1 октябрь ҳолатига кўра, кредит қўшилмаларининг қолдиғи 3,3 триллион сўмни ташкил этади. Бу ўз навбатида олдинги рақамларга нисбатан 100 фоиздан ошиқ ўсишни кўрсатади. Тадбиркорлик субъектларида бу хизматларга бўлган талаб анча юқори. Бу талабни қоплаш учун Микромолия ташкилотлари маблағ жалб этиши керак. Юқоридаги қабул қилинган қарорга мувофиқ, Микромолия банки кўпроқ имконият яратиб беради. Ўз навбатида бу омонатлар бозорида рақобатни ҳам кучайтиради.
Шунингдек, 2024-2026 йилларда микромолиялаштир бозори ҳажмининг 5 баробарга ошириш, микрохимиявий хизматлари билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорни қамраб олишга эришилади. Микромолия ташкилотларининг жисмоний шахсларга бўлган иштирокчиларига устав фондига киритилган ҳисса суммасини икки баробардан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб қилиш орқали Микромолия ташкилотларининг ресурс базаси кўпайтирилади.
Яна бир янгилик, группалар ташкил қилиниб, улар бир-бирига кафиллик бериш жараёни бор. Мисол учун гаровга берадиган нарсангиз бўлмаса, группалар орқали бир-бирига кафил бериб, бирорта инсон вақтида кредитни қайтармаса группадаги одамлар шу одамларнинг кредитини қайтаришади. 2006 йилда Микрокредитлаштириш ассоциацияси ташкил этилиб, микрокредитлар ташкилотлар ривожланганидан кейин, барча микрокредит ташкилотлари унга аъзо бўлган.
Ҳозирги кунда республикамизда 84 та микрокредит ташкилоти бор.
Бир сўз билан айтганда, Микромолия ташкилоти аҳолининг кичик миқдордаги молиявий эҳтиёжларни тезда ортиқча харажатларсиз қондириш учун жуда зарур.
Юқоридаги қабул қилинган қарор микрокредит ташкилотлари ривожланиши учун старт берди десак муболаға бўлмайди. Микромолия соҳасидаги юқорида қайд этилган қарорнинг қабул қилиниши амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мослаштирилишини тақозо этади. Энг муҳими, микромолиявий хизматлар соҳаси янада такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири