Тошкент вилоятида аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва бунинг учун маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида” ги фармон бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Ҳудудда жорий йил 480 минг нафар аҳолини даромадли ишга жалб қилиш бўйича тармоқлар кесимида мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилган. Ҳозиргача 248,4 минг нафар аҳолини бандлиги таъминланди.
Жумладан, қурилиш-транспорт, коммунал ва уй-жой қурилиши ҳисобига 6,3 мингта иш ўринлари яратилди. Жойларда ташқи савдо ва маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига 7,7 минг нафар ишсизлар қамраб олинди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида 122,3 минг нафар аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинган. Ангрен шаҳри, Оҳангарон, Паркент ва Бўстонлиқ туманларида кенг ривожланаётган туризм объектларида эса 3,3 минг нафар аҳоли даромад топмоқда. Кўплаб хонадон эгалари оилавий меҳмон уйларини ташкил қилган ва мунтазам равишда сайёҳларга туристик хизматлар кўрсатмоқда.
– Ўз навбатида ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўриляпти, – дейди, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдошов. – Бунда фуқаролар ўқув марказларида меҳнат бозорида талаб кўп бўлган касб-ҳунарларга ўқитилмоқда. Айрим тоифадаги ишсизларни ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ишсизлик нафақалари тайинланган. Айниқса, жойларда мунтазам ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларига қизиқиш катта. Бўлиб ўтган ушбу ярмаркаларда 2 минг 687 корхона ва ташкилот ўзларидаги 32 минг 780 бўш иш ўринларини таклиф қилган. Мурожаат қилганлардан 2 минг 596 нафари ишга жойлаштирилган, 1 минг 198 нафари касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун юборилган, 625 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, 2 минг 576 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг ишсизлик муаммоси ҳам аста-секин бартараф этилмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида аҳолининг 5 минг 479 нафари якка тартибдаги тадбиркорликка йўналтирилди, 43 минг 729 нафари турли ҳунармандчилик тармоқларида ўзини-ўзи банд қилди. Ўтган давр мобайнида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳисобот даврида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали қиймати 1 миллиард 223 миллион сўм бўлган 41 минг 390 та лойиҳалар учун аризалар келиб тушган. Шундан ҳоким ёрдамчилари томонидан 21 минг 985 лойиҳага ижобий тавсияномалар берилди.
Ўз хонадонларида кичик ишлаб чиқариш цехларини йўлга қўймоқчи бўлган оилаларга субсидия маблағлари ҳисобига асбоб-ускуна сотиб олиш чоралари кўрилмоқда. Нурафшон ва Олмалиқ шаҳарлари, Паркент ва Чиноз каби туманларда микромарказлар ташкил этилмоқда. Бунинг учун маҳаллалар ёки маҳаллаларнинг туташ ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектлари негизида ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер майдони ажратилмоқда. Бу жойларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишларида иш ташкил қилинмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА.