Мигрантлар учун тиббий кўрик
Мамлакатимизда фуқароларни чет элга тартибли ва хавфсиз жўнатиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Сўнгги икки йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 70 минг киши чет элга юборилган.
Давлатимиз раҳбари шу йил апрель ойида бу соҳада фуқароларга қулайликлар яратиш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, соғлигини тиклаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. Шу боис меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, тиббий муассасалар мигрантлар ва миграциядан қайтган шахсларни, уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. “Инсон” марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Ташқи миграциядаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, иш билан таъминлаш, шунингдек, бошқа масалаларни ҳал қилиш мақсадида Республика, вилоят ва туманлар кесимида штаблар ташкил этилган. Мазкур штаблар томонидан аҳоли “Маҳалла еттилиги” иштирокида хатловдан ўтказилди.
– Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари ҳам штабда ўз йўналишлари бўйича керакли топшириқларни вақтида олиб, кунлик тиббий кўрик ишларини олиб борди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси Муҳаммадбек Маъмуров. –Вилоят бўйича жами 4426 нафар мигрант қайтиб келган. Шундан 2743 нафари яшаш жойларидаги поликлиникаларда тиббий кўриклардан ўтказилди. 1585 нафари эса қайд этилган яшаш манзилида турмаслиги, қисқа вақтга келиб-кетганлиги аниқланди. Маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда бу ҳақда далолатнома тузилди. Уларни ҳам қўшганда 97 фоиз миграциядан қайтган фуқаролар тиббий кўриклар жараёнига қамраб олинган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири