“CAEx Uzbekistan” кўргазмалар мажмуасида “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро экологик технологиялар кўргазмаси давом этмоқда.
Кўргазма доирасида “Мигрантлар оилаларидаги аёллар салоҳиятини кенгайтириш ва барқарорликни ошириш: Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига гендер нуқтаи назаридан мослашув” мавзусида параллел тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда иқлимий мослашувга оид сиёсат ва дастурларда барқарор, инклюзив ва гендерга сезгир ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги муҳокама қилинди. Айниқса, иқлим хавфи остида қолган ҳудудларда, оиланинг асосий боқувчиси четга ишлашга кетган ҳолатларда ёрдам ва қарор қабул қилиш имкониятидан маҳрум аёллар муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди.
–Аёллар қишлоқ жойлари ва иқлимий жиҳатдан заиф ҳудудларда уй хўжаликларининг барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков. – Аммо ахборот, ресурслар ва қарорлар қабул қилиш жараёнларига кириш имконисиз уларнинг салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқмаяпти. Аёллар фақат иштирокчи эмас, балки иқлимга оид қарорлар чиқаришда етакчи омилга айланиши керак.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятларида амалга оширилаётган муваффақиятли тажрибалар муҳокама қилинди. Бу ҳудудларда аёлларга таълим, грантлар ва зарур воситалар орқали табиий ресурсларни бошқариш ва “яшил” иқтисодиётда фаол иштирок этиш имкониятлари яратилмоқда. Гендер тенглиги, аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги ва лидерлик салоҳиятини ошириш масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Сессия якунида иқлим ўзгаришлари шароитида аёлларнинг ресурслар, имкониятлар ва қарорлар қабул қилиш механизмларига тенг киришини таъминлайдиган тармоқлараро ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирув янгради. Айниқса, миграцион жиҳатдан заиф жамоалардаги аёлларни қўллаб-қувватлаш барқарорлик ва ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА