Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан олиб борилган навбатдаги тадбир давомида қарздор ота “Чорсу” деҳқон бозори ҳудудида уюштирилган режа асосида қўлга олинди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, қарздор фуқаро Ш.А. дан ундирувчи Ш.С. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Мазкур суд варақаси МИБ Наманган шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган. Давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ, ота масъулиятини унутиб, моддий таъминотдан бўйин товлаб келган. Бу даврда қарздорлик 30 миллион 318 минг сўмга етган.
– Бюро органлари қидирув шўъбаси иш юритувига жорий йилнинг ўтган даврида 321 нафар қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинган, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси инспектори Ёқубжон Долимов. – Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида уларнинг 213 нафари ушланган, қидирув давомида ушланган қарздор 74 нафар алиментчи отага нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, жиноий иш қўзғатилган. 106 нафарга эса маъмурий чора кўрилган. Қарздорлардан 516,2 миллион сўм маблағ ундирган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.