МИБ: ўқитувчи ўз ишига қайта тикланди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туман бўлими ходимларининг саъй-ҳаракати натижасида умумтаълим мактаби ўқитувчиси аввалги иш ўрнига қайта тикланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг 2026 йил 3 август кунги ижро ҳужжатига асосан жавобгар Чимбой тумани 35-сонли умумтаълим мактабига ушбу таълим муассасасида ўқитувчи бўлиб ишлаган даъвогар Г.П.ни ўз ишига қайта тиклаш мажбурияти юклатилди. Шунга қарамасдан жавобгар томонидан суд қарори ижроси таъминланмаганлиги сабабли, даъвогар Мажбурий ижро бюроси Чимбой туман бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мажбурий ижро бюросининг Чимбой туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилиб, жавобгар ташкилот раҳбарига суд қарори ижросини таъминламаслик қонунда белгиланган жавобгарликка асос бўлиши ҳақида огоҳлантириш берилди. Шунинг натижасида даъвогар мактаб директорининг буйруғига асосан ўзининг аввалги иш ўрнига қайта тикланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири