МИБ кўмагида тўланмаган кредитлар ундирилмоқда
Бандихон туманидаги “Тожинор Шўрчи” хусусий фирмаси раҳбари тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Термиз туманидаги тижорат банкларидан бирига мурожаат қилади. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, тижорат банки тадбиркорга 11 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратади.
Афсуски, хусусий фирма раҳбари олинган кредитдан бемақсад фойдаланиб, тўловларни ўз вақтида амалга оширмайди. Мазкур муаммо юзага келгач тижорат банки бу ишни суд тартибида ҳал этишга киришади. Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судида муаммоли кредит масаласи кўриб чиқилгач, “Тожинор Шўрчи” хусусий фирмасидан тижорат банки фойдасига 11 миллиард 125 миллион 286 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Бандихон тумани бўлими иш юритувига қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан хусусий фирма раҳбарига юзага келган қарздорликни сўндириш учун ихтиёрий муддат белгилаб берилган.
–Одатда тадбиркорлар каттароқ молиявий мақсадга тезроқ эришиш масаласини банкдан кредит олиш билан ҳал этишга ҳаракат қилади,– дейди МИБ Бандихон тумани бўлими давлат ижрочиси Акмал Хурсандов. – Бироқ, “Тожинор Шўрчи” хусусий фирмаси раҳбари олинган кредит маблағини мақсадсиз сарфлаб, тижорат банки олдидаги мажбуриятларини бажара олмаган. Суд қарорини ижро этиш жараёнида белгиланган ихтиёрий муддатда ижро ҳужжати талаблари бажарилмагани сабабли хусусий фирмага тегишли мол-мулклар хатловга олинди. 400 миллион сўмлик комбайн, туманнинг “Бектепа” маҳалласидаги қиймати 10 миллиард 625 миллион сўмлик “Чорва комплекси” ҳамда гаров мулки ҳисобланган қиймати 1 миллиард 405 сўмлик савдо дўкони сотиш учун онлайн аукцион савдоларига чиқарилди. Мазкур мулкларга аукцион савдоларида харидор топилмагани туфайли белгиланган тартибда кредит қарздорлигини қоплаш учун ундирувчи тарафга таклиф этилиб, тижорат банкининг розилиги билан молия муассасаси ихтиёрига топширилди.
Яна бир ҳолатда эса Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг ижро варақасига асосан Жарқўрғон туманидаги “Surxon-Servis Story Market” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан тижорат банки фойдасига 1 миллиард 458 миллион 267 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Жарқўрғон тумани бўлими иш юритувига қабул қилингач, қарздор корхона раҳбарига суд ҳужжати ижросини таъминлаш учун ихтиёрий муддат белгилаб берилган. Тадбиркор ижро ҳужжати талабларини бажармагани учун гаров мулки тижорат банкига тақдим этилган Жарқўрғон тумани Дўстлик маҳалласидаги икки қаватли маъмурий бино хатловга олиниб, бошланғич баҳоси 1 миллиард 600 миллион сўм қийматида онлайн аукцион савдоларига чиқарилди.
МИБ вилоят бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимларининг тегишли идоралар ҳамкорлигида қопланмай қолган кредит маблағларини тижорат банкларига ундириб бериш юзасидан амалга ошираётган тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири