Яхши биламиз, жамиятимизда адолатнинг қарор топиши кўп жиҳатдан амалдаги суд қарорининг ижросига боғлиқ, агар у ижро этилмас экан, оддий қоғоздан фарқи бўлмайди.
Президентимизнинг 2020 йилнинг 24 ноябрь санасидаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони билан МИБ тизимида жиддий ислоҳотлар ва ўзгаришлар амалга оширилиб келинмоқда.
Суд қарорларининг ижро этилиши, қарздорликлар, алимент ва турли ундирув ишлари бўйича кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб келаётган масалалар ва муаммолар юзасидан МИБнинг бугунги фаолиятини ўргандик.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг директори Ҳ.Кабиржонов билан амалда ушбу ислоҳотлар қанчалик ўз самарасини бераётганлиги ва соҳа янгиликлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбарининг ПФ-6118 сонли фармонида тизимда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланган. Бюронинг иш фаолиятида қандай ислоҳотлар амалга оширилаяпти.
– Авваламбор жамиятнинг ривожланишида суд қарорларининг беками-кўст бажарилиши ниҳоятда муҳим масаладир.
Бош Прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси суд ҳамда бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини амалга оширади ва бу борада одил судлов узвийлигини таъминлайдиган ягона давлат органи ҳисобланади.
Ҳозирда ижро этиш самарадорлигини ошириш мақсадида ахборот-коммуникациялар ва инновацион технологиялар ҳамда дастурларга эътибор қаратиб келмоқдамиз.
Бугунги кунда ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси тўлиқ ишга туширилиб, ҳамкор идора ва муассасалар билан Ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали 32 та ташкилотлар билан ахборотлар интеграция қилинмоқда.
Масъул ташкилотлар билан ўзаро маълумот ҳамда ҳужжатлар алмашиш, мурожаатларни қабул қилиш ва ижро ишларини юритиш ҳажмини енгиллаштириш мақсадида “MIB Portal” электрон дастурий тизими йўлга қўйилди.
Бу ўз-ўзидан зиммамиздаги ундирувларнинг натижадорлигига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг январь-март ойларида жами ундирув 6,2 трлн. сўмга етди.
(Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 трлн. сўм (208 %) кўпдир.
Давлат фойдасига ҳам 1,6 трлн. сўм ундирилди.( 279 % кўп)
Солиқ қарздорлиги бўйича бюджетга ўтган йилга нисбатан 1,3 трлн. кўп ёки 1,9 трлн. сўм ундирилиши таъминланди.
Мусодара қилинган мол-мулкларни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича эса 133,1 млрд. сўм ундиришга эришилди. Шунингдек, ушбу тоифадаги 181 млрд. сўмлик мол-мулклар давлат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида уларга ўтказиб берилди.
Аҳоли гавжум бозорлар ҳамда савдо марказларида 155 та савдо ярмаркалари ташкил этилиб, 10,4 млрд. сўмлик мол-мулклар реализация қилинди.
Суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 416 нафар шахс ишга тикланди ва тўланмай қолган
18 млрд. сўмлик иш ҳақи ундирилди.
– Фармонда Бюро органлари томонидан ундирилаётган маблағларнинг бир қисми ижтимоий эҳтиёжманд фуқароларга қаратилиши белгиланган. Бу соҳадаги ундирувлар ҳам амалда янгича йўналиш эди ва бу борада ишлар қай тарзда йўлга қўйилди ?
– Ҳақиқатдан ҳам ушбу Фармон билан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб, жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказилиши белгиланган.
Мусодара этилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича сотилган мол-мулкларнинг маблағлари алоҳида ғазначилик ҳисоб-рақами билан пропорционал тартибда ва тенг равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтириб борилмоқда.
Янги тизимга мувофиқ, ўтган йилнинг охирги чорагида 62,3 млрд. сўмдан ортиқ, жорий йилнинг 1-чорагида «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га 103,8 млрд. сўм пул маблағлари ўтказилган.
Бу турдаги ишларни янада жадаллаштириш учун жойлардаги ҳар бир ходим ўзига бир йўналиш сифатида белгилаб олган.
– Аҳоли орасида алимент масаласидаги ишлар бўйича эътирозлар кам эмас, алимент тўловларига оид янгича тартиб йўл қўйилгач, қандай самара кўрсатяпти?
– Бюро органларида алимент долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади.
Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш,
эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида ажрашиб кетиши ҳолатлари йилдан-йилга ўсиб, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда.
Ижро масаласига оид мурожаатларнинг таҳлилига кўра қарийб 60 фоизидан ортиғини алимент масалалари ташкил этмоқда.
Янгича тартибга кўра, ПФ-6118-сонли Фармон билан 2021 йил 1 мартдан алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратилди.
Энди, ҳар бир ундирувчи (алимент пули олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан, қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу ҳисобвараққа ўтказилмоқда.
1 март кунидан бошлаб республикамиздаги 280 мингдан ортиқ алимент олувчи фуқаролар бепул ва беғараз равишда АТ «Алоқабанк» томонидан 70 мингдан ортиқ пластик карточкалар ишлаб чиқилиб, фуқароларга тарқатилмоқда.
– Алимент ундиришнинг инновацион тизими, алимент олувчи ва тўловчиларга қандай енгилликлар беради?
– Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижроси
ва алимент ундирилишини назорат қилиш ишлари қисман автоматлаштирилади;
– алимент тўловчи ва олувчиларга қулайлик яратилади;
– алимент тўловчилар устидан доимий (масофавий) назорат ўрнатилади;
– фуқаролар мурожаатларининг кескин камайишига эришилади.
Алимент бўйича ижро ишларининг ижроси ва назорат қилиш механизмининг автоматлаштирилган тизимга ўтилиши аввало 280 мингдан ортиқ алимент олувчи фарзандларининг моддий таъминотининг ортиқча сансалорликсиз ва тез фурсатларда электрон тарзда олиш имконини беради.
– Ижтимоий тармоқларда қарздорликни билиш ва уни кузатиб бориш учун янгича электрон дастурнинг мобиль версияси ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
– Биз қарздорликни ундириш жараёнида фуқароларимизнинг ижтимоий тармоқларда билдирган фикрлари ва таклифларини ҳам инобатга оламиз, фуқароларимизга янада қулай бўлиши учун расмий сайтимиздаги имкониятларни мобиль алоқа воситасида ҳам яратдик.
Мобиль алоқа воситаларидан фойдаланувчилар учун Google тизими орқали Play Market иловасидан MIB.UZ махсус дастурини юклаб олиш зарур!
Ушбу дастурга уланиш учун аввало мобиль алоқа рақам киритилиб, сўнгра, SMS хабарномадаги ҳимоя кодини тасдиқлайсиз.
Сўнгра, фуқаролик паспортингиз серияси ва рақамлари билан ягона электрон тизимига уланасиз.
Мазкур ягона электрон тизимидаги:
“Қарздорликни текшириш” блоги - мавжуд алимент ва бошқа қарздорликлар ҳақидаги маълумотларни олиш;
“Республикадан чиқишга чеклов” блоги - алимент қарздорликлари мавжуд тақиқларни билиш;
“Алимент калькулятори” алимент тўловларининг миқдорига аниқлик киритиш;
“Ижро мониторинги” блоги – ижро ишлари ва кўрилаётган чоралар жараёнини кузатиб бориш имкониятларини тақдим этади.
- Ижтимоий тармоқларда МИБ ходимларининг муомала маданияти ва касб этикасига риоя этмаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалиб туради, бундай ҳолатларни олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
– Ҳақиқатдан ҳам, Бюро ташкил этилганидан ва ҳозирда ҳам ходимларнинг касбий этикаси ва муомаласи ҳақида кўплаб эътирозлар бўлмоқда. Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида баъзида, айрим фуқаролар Бюро давлат ижрочиларини айбдор ёки нотўғри ҳаракат содир этмоқда, деб ҳисоблаб, ижтимоий тармоқлар орқали хабар беришади.
Ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир ёритилган хабарлар бўйича албатта ўрганиш ишлари олиб бориб, ўз муносабатимизни билдириб келмоқдамиз.
Мисол учун, сўнгги икки йил мобайнида 60 дан ортиқ ана шундай хабарлар тарқатилди.
Биз албатта ҳар бир хабарга ҳуқуқий баҳо берамиз, агар истеъмолчи ноҳақ бўлса, бу ҳақда тушунтириш берамиз, хабар объектив ёндашилмаган бўлса, оммавий ахборот воситалари ва журналистларга расмий муносабатимиз ёки раддиямизни билдирамиз.
Агар МИБ ходими хатога йўл қўйган ёки айби исботланса унга ҳам муросасиз муносабат билдирамиз ва қатъий чора кўрилишини таъминлаймиз.
Шу ўринда, Бюро органларида ходимлар томонидан содир этилаётган коррупция ва ножўя хатти-ҳаракатларга ҳам тўхталмоқчиман.
Бюро ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, тамаъгирлик ва пора олиш ҳолатларини содир ходимларга ҳам муросасиз муносабатда бўлмоқдамиз.
Ўтган даврда 4 та жиноий ҳолатлар аниқланди.
Шу ўринда таъкидлаган бўлардимки, Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлайди.
Жавобгар ёки қарздор деб топиш ҳақидаги қарор, ажрим ёки бошқа ҳужжатлар қабул қилинганида, уни ихтиёрий бажариш ёки асосли бўлган тақдирда, шикоят билан айнан суд ва бошқа органларга мурожаат этиш лозим.
Бироқ кўпчилик тегишли тартибда қарор ва ҳужжатлардан шикоят қилиш имкониятидан фойдаланмайди ва ўз эътирозини давлат ижросига билдиради.
Бу тўғри тўхтам эмас, албатта! Ҳаттоки, айрим фуқароларимиз давлат ижрочиларининг қонуний ҳаракатларига қаршилик қилиш ёки бошқа кўнгилсиз ҳолатларни содир этиш билан масалани ҳал этиш мумкин деб ҳисоблайди.
Биргина ўтган даврда Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 10 дан ортиқ ҳолатлар аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилмоқда.
Бундай ҳолатлар фуқароларимизнинг Бюро ходимининг ҳаракати ёки қонуний талабини бажариш ўрнига, вазиятни ўз томонига оғдириш учун қаршилик кўрсатиши сабабли юзага келмоқда.
Лекин давлат ижрочиларининг ҳам аксарияти ёш ходимлардан иборат бўлгани сабабли уларни ижро ҳаракатларига янада малакасини тайёрлаш лозим бўлмоқда.
Ходимлар нафақат ўз вазифасини яхши билиши, балки ахлоқ-одоб нормаларини яхши ўзлаштириши, психология асосларини яхши билиши лозимлигини кўрсатмоқда. Биз яқинда бўлган айрим ташвишли ҳолатлардан ўзимизга керакли хулосаларни чиқардик.
Шунга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб барча давлат ижрочилари дастур асосида Бош прокуратура Академиясида махсус курслар бўйича тайёргарлик ўқув-машғулотларини бошлайди, курсларни қониқарли тамомлаган ҳолдагина иш олиб боради.
Ҳозирга қадар 1700 нафардан ортиқ ходимлар ушбу дастур бўйича таҳсил олди ва бу доимий равишда давом этиб боради.
Шуҳрат Неъматов суҳбатлашди,
ЎзА