МИБ бинони буздириш учун эшик қоқмоқда
Тошкент вилояти Қибрай тумани Қорамурт кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Рихситилла Қаюмов Лимончилик ҚВПини кўп йиллар аввал маҳалла аҳли ҳашар билан қургани, ҳудуд аҳолисига хизмат қилгани ва яқин уч-тўрт йилда ҚВПи оптималлаштириш сиёсатига кўра ёпилиб, кексалар ва ёш болали оналарга бошқа ҳудуддаги поликлиникага бориш қийинчилик туғдираётганини маълум қилди
Тошкент вилояти Қибрай тумани Қорамурт кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Рихситилла Қаюмов Лимончилик ҚВПини кўп йиллар аввал маҳалла аҳли ҳашар билан қургани, ҳудуд аҳолисига хизмат қилгани ва яқин уч-тўрт йилда ҚВПи оптималлаштириш сиёсатига кўра ёпилиб, кексалар ва ёш болали оналарга бошқа ҳудуддаги поликлиникага бориш қийинчилик туғдираётганини маълум қилди.
Ҳудуддаги 46-ўрта таълим мактаби директори Жамила Йўлчиева мазкур мактаб 240 ўрнига мўлжаллангани, ҳозир ўқувчилар сони 300 дан ошгани ва қўшимча бинога эҳтиёжи борлигини маълум қилиб, кўмак сўради.

Бу каби муаммолар Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова туманда ўтказган “Сенатор ва депутатлар сайёр қабули“да аниқланди.
Унда Қибрай шаҳарчасида яшайдиган тадбиркорлардан ҳам мурожаат тушди. Маълум бўлишича, 2016 йилнинг сентябрида туман захира еридан тадбиркорлар З.Саъдуллаев, Д.Умарова, Д. Ҳабибуллаеваларга енгил турдаги маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун ер майдони ажратилган ва мажмуа қурилиши якунига етиш арафасида туман ҳокими ер ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилган. Аммо ундан бехабар тадбиркорлар май ойида аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди. Ҳозирда улар қирқдан ортиқ иш ўрни яратиб, аҳолига ўндан зиёд хизмат турларини кўрсатмоқда. Лекин, улар идоралар орасида сарсон бўлиб, хизмат кўрсатиш шохобчаларини бузишдан асраб қолиш билан овора. МИБ бинони буздириш учун эшик қоқиб турган бир вақтда тадбиркорлар сенатордан ёрдам сўрашди.

Сайёр қабулда фирибгарлик ҳолати ҳам аниқланди. Тумандаги Маърифат маҳалласига қарашли 4 сотих ер ва ундаги икки хонали бинода новвойхона, сартарошхона ва шу каби бинолар қурамиз деб бир “шоввоз“ кадастр ҳужжатлари тайёрланган. Аммо, кейин сотиб юборган. Ҳозирда уни сотиб олган инсон бу ер учун кўп жойга “пул қистиргани“, кимларнингдир “оғзини ёпгани“, шу харажатларни қайтариб беришса, жойни бўшатиб беришини рўкач қилаётган экан. Маълум бўлишича, маҳалла фаоллари бир неча йилдирки, бу масала билан туман мутасаддиларига мурожаат қилишларига қарамай, муаммо ҳал этилмаган.
- Сайёр қабулда бу каби қонун бузилишлари ва шахсий муаммосига ечим тополмай юрган аҳоли дардини тушунтирди,– дейди Халқ депутатлари Қибрай туман кенгаши депутати Дониёр Юсупов. –Биз бу мурожаатларнинг барчасини қабул қилдик ва қонун доирасида ҳал этишга кўмаклашамиз. Қолаверса, бу каби масалалар ечими ва ижроси ҳақида Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши сессиясига йил давомида қарийб 15 та масала киритиш доимий комиссия иш режасида тасдиқланган.
Қабул жараёнида Бобур маҳалласида яшовчи Мақсуда Ёқубова маҳалланинг бир километрлик масофадаги ичимлик суви қувури таъмирталаб бўлса-да, сув сотувчи идора вазифасини бажармаётганини борасида шикоят қилди. Қувурлар ёрилиб, ундан чиқаётган тоза ичимлик суви канализация қувурига тўғридан-тўғри улаб қўйилган экан. Аслида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турган бир вақтда бундай ҳолат ҳақида изоҳ беришга тил ожизлик қилади.
Мухтасар айтганда, аҳоли билан ташкил этилган мазкур учрашув, йиллар давомида ўз ечимини кутиб турган муаммолар ва долзарб масалалар ечимини ҳал қилишда муҳим сабаб бўлса, не ажаб.