Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги ташкилотлар ходимлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, давлат хизматчиларининг жисмоний соғлом бўлиши учун зарур шароит яратиш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда мини-футбол бўйича “Автомобиль йўллари қўмитаси раиси кубоги” мусобақаси ўтказиб келинади.
Ўтган йили мусобақага Фарғона вилояти мезбонлик қилган бўлса, бу йилги баҳслар Сирдарё вилоятида ташкил этилди. Унда қўмита тизимидаги автомобиль йўллари қурилишига алоқадор муассасаларнинг 19 жамоаси майдонда тўп сурди.
Гулистон шаҳридаги сунъий қопламали яшил майдонда ўтган мусобақа қизғин, шиддатли ҳужумларга бой бўлди. Иштирокчиларнинг ўйини, тактик ҳужумлари вилоят футбол ассоциацияси томонидан тайинланган ҳакамлар ҳайъати аъзолари, тажрибали реферилар томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Автомобиль йўллари бошқармаси Сирдарё вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар бошқарманинг Навоий вилояти ўйинчилари ва “Ўзйўлкўприк кластери” жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга Автомобиль йўллари қўмитаси раиси кубоги, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши тўпурар”, “Энг яхши дарвозабон” номинацияси бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири