Муносабат
Жорий йилнинг 30 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги салоҳияти юқори. Сўнгги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла ери қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилди. 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди, эскирган 107 минг гектар янгиланди. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этиляпти. Шу ойда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Кенгаши аъзолигига сайланди. Бу – миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, янги лойиҳаларга маблағ жалб қилиш учун катта имконият.
Маҳсулотларимиз табиий бўлгани учун чет элларда жуда қадрланади. Ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган”, деган бренд шаклланган. Айниқса, қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос, дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича юртимиз дунёда юқори ўринларда туради. Бу йил 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион долларни ташкил этди.
Видеоселектор йиғилишида соҳада эришилаётган натижалар, мавжуд имкониятлар, улардан фойдаланиш ҳолати озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича соҳа ходимлари ва вазирликдан тортиб, хориждаги элчихона ва консулхоналарнинг ўрни сезилмаётгани, савдо маслаҳатчиларининг фаолияти суст экани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда юртимизда 5 минг 100 гектар иссиқхоналар бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайган. Лекин тадбиркорлар кредит юки оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлиги сабабли қийинчиликка учрамоқда. Хусусан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхона фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк тасарруфига ўтган.
Шу боис иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Эндиликда ички бозор билан бирга экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлайдиган иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилади. Кўмир ёки бошқа муқобил ёқилғига ўтган ҳамда экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарга ҳам табиий газга қайтиш имкони берилади.
Бундан буён иссиқхоналар ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлайди. 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши белгиланди. Солиқ қўмитасига иссиқхоналардан қисқартирилган газ қайси соҳаларга йўналтирилгани ва уларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш топширилди.
Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, юртимиз қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши юқори сифатли мева ва сабзавотларнинг асосий навларини етиштириш учун қулай имкониятлар яратади. Қишлоқ хўжалиги мавсумининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу мавсум янги кўкатлар табиий шароитда етиладиган март ойининг дастлабки кунларидан бошланиб, бутун йил мобайнида, бозорларга узум, қовун, хурмо ва беҳининг кечки навлари етказиб бериладиган декабрь ойининг бошига қадар давом этади. Бу эса Ўзбекистонни мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан деярли йил давомида барқарор таъминлайдиган ишончли базага эга бўлган мамлакатга айлантиради.
1990 йилгача Ўзбекистонга 5 миллион тоннадан зиёд ғалла четдан олиб келинар, ўзимизда эса бир миллион тоннадан камроқ ғалла етиштирилар эди. Бугунги кунга келиб республикамизда йилига 8 миллион тоннадан ортиқ ғалла етиштирилмоқда. Бу эса нафақат ғалла мустақиллигига эришдик, дегани, балки, экспорт қилишга ҳам имкон пайдо бўлди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиши 6-6,5 фоизни ташкил этиб, сўнгги йилларда маҳсулотлар ишлаб чиқариш қарийб 2,5 мартадан зиёд ўсди.
Ўз навбатида айтиш жоиз, тобора кучайиб бораётган иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг мелиоратив ҳолати бузилиши каби муаммолар сабаб, юртимизда аграр соҳа қатор муаммо ва таҳдидлар гирдобида қолди. Бундан ташқари, йиллар давомида тўлақонли бозор муносабатларига асосланган ислоҳотларнинг амалга оширилмагани, яъни, давлат буюртмаси, ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларнинг чекланганлиги ва ҳимояланмаганлиги самарадорлик, унумдорлик кўрсаткичларининг пасайишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг қатор конференцияларида Ўзбекистон 14 та давлат қаторида озиқ-овқат хавфсизликни таъминлашда эришган ютуқлари учун махсус мукофот билан тақдирланди.
Экспертларнинг таъкидлашича, юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнида ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги ҳамда хуштаъмлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради. Буни халқаро мева-сабзавот ярмаркасида қатнашган кўплаб хорижий экспертлар, ишбилармонлар ҳам эътироф этган.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтиришда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон миқёсида ҳам илғорлар сафидан жой олади.
Раҳмонжон Эгамбердиев,
халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати, O’zLiDeP фаоли, ЎзА.