Тошкент метрополитени жамоат транспортининг энг қулай ва самарали турларидан бири. Шаҳар йўловчи транспорти корхоналари ўртасида йўловчиларни ташишда унинг улуши катта. Йилнинг ҳар қандай фасли бўлмасин, метро фойдаланувчилари кўпчиликни ташкил қилади.
Хўш, бугунги кунда метрода ҳаракатланаётган йўловчилар сони қанча? Мазкур транспорт воситасидан фойдаланиш меъёри ортиб борганида қандай чора-тадбирлар қўлланилади? Метрода об-ҳаво мавсумига қараб совитиш ва иситиш тизимлари қанча вақтда назорат қилинади?
Мазкур саволлар юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев қуйидаги маълумотларни тақдим қилди.
– Тошкент метрополитенининг йўналишлари, бекатлари сони ортиши ва поездлар оралиғидаги вақт интерваллари қисқартирилиши натижасида метродан фойдаланаётган йўловчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Жумладан, кунлик йўловчилар сони 2021 йилда 280-300 минг нафарни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 850-900 минг нафардан зиёд йўловчи метродан фойдаланмоқда.
Метродан фойдаланувчи йўловчилар оқими ҳисобга олинган ҳолда, уларга барча қулайликлар тақдим этилади. Хусусан, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида метронинг совутиш ва иситиш тизимлари доимий назорат қилинади. Бунга сабаб об-ҳавонинг ўзгариши, аниқроқ қилиб айтганда, мамлакатимизда баҳор-ёз ойларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ҳамда куз-қиш мавсумида кунларнинг совишидир. Бу ўз навбатида яхшиланган ҳаво алмашинуви ва мўътадил ҳароратни талаб этади. Айни шу сабабдан ҳам Тошкент метрополитени томонидан доимий равишда совитиш ва иситиш тизимлари назорати ҳамда профилактикаси олиб борилади.
Қайд этилишича, жорий йилда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабаб метро поездларининг совитиш тизимида муаммолар юзага келган. “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишида ҳаракатланаётган ҳаракат таркибларининг совитиш тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ таркибига Россия Федерациясидан ҳам 15 дан зиёд соҳа мутахассиси жалб этилган. Ушбу мутахассислар томонидан доимий равишда тизимли таъмирлаш ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишида 10 та ҳаракат таркиби ҳаракатланмоқда ва шундан 8 таси жорий йилда харид қилинган поездлар бўлиб, уларнинг совитиш тизими ҳаво ҳарорати +50 даража иссиққача белгиланган норма бўйича ишлаш имкониятига эга.
Темир йўллардан фойдаланиш қоидаларига асосан, рельсларнинг ҳарорати +55 даражадан ошганда поездлар ҳаракати тезлиги пасайтирилиши, яъни рельсларнинг ҳарорати +60 даража бўлганда поездлар ҳаракати тезлиги 40 км/соатдан, +65 даражада 25 км/соатдан ошмаслиги, +70 даражада эса поездлар ҳаракати тақиқланиши белгиланган.
Метродан эрталабки 7:30 дан 09:00 гача ҳамда кечки 16:30 дан 19:00 гача бўлган вақт оралиқларида йўловчилар энг кўп фойдаланади. Шу вақтларда йўловчилар оқимини назорат қилиш ва юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида йўналишларда поездлар вақт интервали қисқартирилади. Жумладан, Чилонзор йўналишида 1,5-2 дақиқа, Ўзбекистон йўналиши 3-4 дақиқа, Юнусобод йўналишида 4-5 дақиқани ташкил этади.
Ҳозирда “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишида эса 7-8 дақиқали вақт интервалида поездлар ҳаракати ташкил этилмоқда. Шунингдек, вақт интервалларини қисқартириш ва бу орқали йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йилда 14 та тўрт вагонли ҳаракат таркиби ҳарид қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан ташқари эрталабки тиғиз вақтларда йўловчилар оқимини назорат қилиш мақсадида барча метро бекатларда Тошкент метрополитенининг масъул раҳбарлари томонидан навбатчиликлар ташкил этилган.
Белгиланган режага асосан, “Ер усти ҳалқа йўли”нинг режадаги қурилиш ишлари тўлиқ якунланди. Келгусида пойтахтнинг аҳоли гавжум ва метрога эҳтиёж бор бўлган нуқталарида ҳам бекатлар, янги йўналишлар қурилиши мақсад қилинган.
Шунингдек, ҳозирги кунда Тошкент метрополитени тасарруфида 3 та депо мавжуд. Ушбу деполарда мингдан зиёд ишчи-ходимлар йўловчиларга хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаб келмоқда. Бундан ташқари, поездлар ҳамда йўналишлар сони ортаётгани сабабли Ўзбекистон электродепоси ҳудудида поездларга техник хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган қўшимча канава йўллари барпо этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА