ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон миллий метрология институти Фарғона филиали ўлчаш воситаларини текшириш, калибрлаш ва аттестатлаш соҳасида етакчи муассасалардан ҳисобланади. Бу ердаги замонавий лабораториялар 149 турдаги ўлчаш ҳамда 40 турдаги синов воситаларини қамраб олиш имконини беради.
2025 йилнинг биринчи ярмида филиалнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, калибрлаш лабораторияси учун мўлжалланган бино тўлиқ таъмирланиб, унда ҳарорат, масса, босим, электр, ҳажм ва геометрик катталиклар бўйича лабораториялар замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳолда ишга туширилди. Шунингдек, ходимлар учун қулай шароит яратилди.
[gallery-24338]
Филиал томонидан жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатишда “e-metrologiya.uz ” электрон платформаси ишга туширилган бўлиб, 2022–2024 йиллар давомида ушбу тизим орқали 6,4 мингдан ортиқ буюртма қабул қилинган. Бундан ташқари саноат корхоналари билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, “Фарғонаазот” AЖ, “Кварц” AЖ ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида жойлашган 700 дан ортиқ ўлчаш воситалари логистикага эҳтиёж сезмаган ҳолда, маҳаллий лабораторияларда калибрлашдан ўтказилди.
Режага кўра, 2025 йил якунигача 495 миллион сўмлик юқори аниқликдаги 2 та намунавий ўлчаш воситаси ва 110 миллион сўмлик 15 турдаги стандарт намуналар харид қилинади. Бу эса келгусида метрология хизматлари сифатини янада оширишга замин яратади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА