8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида фаолият юритаётган хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилди. Шу муносабат билан байрам тадбири ҳамда корхонанинг 82 йиллиги кенг нишонланди.
Тантанали тадбирда комбинат бошқаруви раиси – бош директор Баҳодир Абдуллаев сўзга чиқиб, корхонада меҳнат қилаётган барча хотин-қизларни самимий табриклади. Уларга ўзининг илиқ тилакларини билдирди.

— Хотин-қизлар ҳар қандай жамоанинг меҳри, файзи ва барқарорлигини таъминлайди, — деди комбинат Аёллар кенгаши раиси Марҳабо Холиқова. — Бугунги кунда комбинат ва унинг таъсисчилигидаги жамиятларда 8 минг нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг 1 минг 700 нафари хотин-қизлардир. Улар ишлаб чиқариш, бошқарув, муҳандислик ва ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб, корхона тараққиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Комбинатда узоқ йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган бир қатор меҳнат фидойилари ҳар йили давлат мукофотларига тавсия этилади. Бу йил Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Электрда пўлат эритиш бўлинмаси оҳак куйдириш участкасида 3-разрядли транспортёрчи бўлиб ишлаб келаётган Хайринисо Рустамова “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. У қарийб 39 йилдан буён комбинатда самарали меҳнат қилиб, жамоада катта ҳурмат қозонган.

Бундан ташқари, мазкур жабҳада меҳнат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Байрам муносабати билан корхонада фаолият юритаётган барча хотин-қизларга пул мукофотлари тарқатилди.
Таъкидлаш лозимки, қарийб бир асрлик тарихга эга “Ўзметкомбинат” мамлакатимиз саноатининг муҳим таянч корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхона 1944 йил 5 март куни ишга туширилган.

— Бугунги кунда акциядорлик жамияти Ўзбекистон металлургиясининг йирик корхонаси ҳисобланади, — дейди “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси – бош директор Баҳодир Абдуллаев. — Жорий йилда жамиятимиз томонидан 1 миллион 60 минг тонна металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу қарийб 8,5 триллион сўмлик маҳсулот демакдир. Шунингдек, 2030 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажмини 3 миллион тоннадан ошириш мақсад қилинган.

Байрам тадбирида санъаткорларнинг қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди. Тадбир сўнггида иштирокчилар учун ифторлик дастурхони ёзилиб, барча бир пиёла чой устида самимий суҳбат қурди.
А. Мусаев, ЎзА