Мерганлар баҳси қизғин ўтди
Тошкент шаҳар “Ватанпарвар” ташкилотида “Ёшларга оид давлат сиёсати” тўғрисидаги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида спортнинг пневматик қуролдан ўқ отиш тури бўйича “Пойтахт очиқ кубоги” мусобақасининг иккинчи босқичи ўтказилди.
“Яшнобод ўқув спорт клуби” биноси тирида бўлиб ўтган мусобақада Тошкент шаҳар “Ватанпарвар” ташкилотининг “Миробод ЎСТК”, “Сергели ЎСТК”, “Чилонзор ЎСТК”, “Юнусобод ЎСТК”, “Яшнобод ЎСТК”, “Учтепа ЎСТК” спортчилари билан бир қаторда Мудофаа вазирлиги спорт клуби ҳамда Республика олий спорт мактаби спортчилари милтиқ ва тўппончадан ўқ отиш бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказди.

Мусобақада Никита Соколов ўғил болалар ўртасида, Дилсўз Ризаева эса қизлар ўртасида шоҳсупанинг биринчи поғонасидан жой олди. “Пойтахт очиқ кубоги” мусобақасининг жамоавий баҳсларида “Миробод ЎСТК” жамоаси ғолиб бўлди.
Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА