«Менинг устозим» танлови ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Ҳайкалтарошлик” таълим йўналиши талабалари ўртасида «Менинг устозим» бадиий композиция лойиҳасини яратиш бўйича ижодий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Устоз-мураббийларимизга бўлган юксак ҳурматни ижодий асарлар орқали тараннум этиш, уни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда 30 дан ортиқ юксак савияли ижодий ишлар танлов ҳайъатига тақдим этилди.Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда ҳомийлар томонидан танлов ғолиблари аниқланди ва муносиб рағбатлантирилди.
Шунга кўра, 1-ўрин соҳиби Эркабой Аминовга бир йиллик тўлов-шартнома пули тўлаб берилда ва у ноутбук билан мукофотланди. 2-ўрин соҳиби Ғиёсжон Нурмуҳаммадовнинг эса бир йиллик тўлов-шартнома пули тўлиқ қоплаб берилди. Шунингдек, фахрли 3-ўрин соҳибига айланган Тоҳиржон Аҳмедов ҳамда Алишер Боқиевларнинг бир йиллик шартнома пуллари ҳам тўлаб берилди.
[gallery-4170]
Маросимда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ғолибларни тақдирлар экан, танловга қабул қилинган ижодий ишларнинг бадиий савияси ниҳоятда юксаклиги , айниқса, мавзу маҳорат билан очиб берилганини таъкидлаб, бу сўнгги йилларда юртимизда бадиий таълим ривожига берилаётган эътибор самараси эканлигини, бугун ижод оламига дадил қадамлар билан кириб келаётган ушбу ёшлар келажакда Янги Ўзбекистон санъати ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган етук ижодкорлар бўлишига ишонч билдиришди.
– Мен бугун жуда ҳам мамнунман, – дейди танлов ғолиби Эркабой Аминов. – Аввало, танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу ижодий танлов мавзусининг ўзиёқ ижодкорга шижоат беради. Негаки, бизнинг мана шу ютуқларни қўлга киритишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда устозларимизнинг ҳиссалари беқиёс. Келажакда янада кўпроқ меҳнат қилиб, устозларим ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизнинг санъати ривожига ўз ҳиссамни қўшаман деган умиддаман.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев(сурат),ЎзА