Урганч шаҳрида “Менинг маҳаллам” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистoн Маҳаллалари уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкoрлигида “Ўзбекфильм” кинoкoнцерни тoмoнидан суратга oлинган янги фильмда бевосита маҳалла тизимидаги ислоҳотлар ўз аксини топган.
Фильм намойиши олдидан сўзга чиққанлар ушбу медиа тарғибот материаллари маҳалланинг обрўси ва нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
– Президентимизнинг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига мувофиқ маҳаллаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини намоён қилмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Бекзод Абдиримов.– Буни бевосита медиа майдонида тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Республика бўйлаб намойиш этилган “Менинг маҳаллам” фильмининг премьераси ушбу қадриятлар бешиги бўлган масканнинг ўрни ҳақида барчада ижобий тасаввур уйғотади.
[gallery-24579]
Кейинги йилларда маҳаллаларда ҳам ҳудудлар қиёфаси тубдан яхшиланиб, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётир.
– Бунда “Маҳалла еттилиги” аъзолари уйма-уй юриб, аҳоли билан мулоқотда бўлиши, ўрганишлар натижасида тегишли “Йўл харитаси”нинг ишлаб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Ёқубов. – Томорқадан фойдаланиш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш борасидаги ишлар анча салмоқли. Фильмда юртимизда “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” тамойили асосида кенг кўламда тадбирлар ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганлиги ёритилган. Маҳаллаларимизнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида рўёбга чиқарилаётган эзгу ишлар халқимизнинг кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётганлиги ушбу фильмда ўзгача услубда тасвирланган.
Фильмда маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ташкил этилган хотин-қизлар масканлари фаолияти ҳам кенг ёритилган. Хотин-қизларга тикувчилик ҳамда барча момомерос касб-ҳунар сирларини ўргатаётган аёлларимиз давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан мамнун эканлиги тасвирланган. Бир сўз билан айтганда фильм премьераси хоразмлик томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/S_fUBnJR3aU?si=IhhgulMZZ2qIlZKI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (Сурат, видео),
ЎзА мухбирлари