«Менинг касбим – менинг келажагим»
Бешта муҳим ташаббус амалда
Гулистон шаҳрида шу мавзуда Сирдарё вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда педагогика коллежи ҳамкорлигида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда мактабгача таълим бошқармаси мутахассислари, Гулистон давлат университети педагогика ва мактабгача таълим кафедраси ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари директорлари, услубчилари, педагогика коллежи ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этди.
Семинар-тренинг қатнашчиларига мутахассислар томонидан мактабгача таълим педагогикаси, махсус педагогика ва психология, МТТда таълим-тарбиявий жараённи ва ривожланиш марказларидаги фаолиятни ташкил етиш, болалар адабиёти каби фанлар юзасидан керакли тавсиялар берилди.

Семинар давомида иштирокчиларга мактабгача ёшдаги болаларни жисмоний тарбия билан шуғуллантириш, жисмоний ва руҳий ривожланиши ва 6 ёшли болалар учун мажбурий тайёрлов гуруҳларида «Коинот сирлари», ўзбек болалар адиблари, болалар луғатини бойитишда таълимий ўйинлар каби муҳим ва қизиқарли мавзулар юзасидан очиқ дарслар ташкил этилди.
Ушбу очиқ дарс орқали ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, малакаси, таълим-тарбия жараёнида замонавий ва янги педагогик технологиялардан фойдаланиш ҳамда ўқувчиларни касбга тайёрлаш ишларининг ташкил этилиши бўйича олиб борилаётган ишлари кузатилди.
Гулистон давлат университети ўқитувчилари томонидан «Менинг касбим-менинг келажагим» мавзусида маҳорат сабоқлари ўтилиб, мавзу юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.
Тадбир давомида тарбиячининг касбий компетентлиги, МТТларда ташкил этилган педагогик амалиётларда назарий ва амалий билимларнинг узвийлиги, танланган касбимда менинг эришган ютуқларим масалалари бўйича ўқувчилар, педагогика коллежи собиқ ўқувчилари, ўқитувчилари ва амалиётчилар ўзлари танлаган касбларини қанчалар яхши кўришлари, эришган ютуқлари ва олдиларига қўйган мақсадлари ҳақида қизиқарли ва мазмунли суҳбат олиб борди.

Семинар-тренинг давомида педагогика коллежи ўқувчилари иштирокида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида бадиий чиқишлар, спорт тадбирлари ва ўқувчилар томонидан ижодий ишлари кўргазмалари намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир сўнгида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА