“Менинг энг яхши лойиҳам”
8 март “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан Навоий шаҳар прокуратураси, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва “CHADOS-2009” корхонаси ҳамкорлигида “Жамиятнинг фаол аёли” шиори остида “Менинг энг яхши лойиҳам” кўрик танлови ташкил этилди.
Вилоятда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган имкониятларни кўрсатиб бериш ҳамда ўз фаолиятини бошлаган ҳунарманд хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида ўтказилган танловда миллий қўғирчоқчилик цехида иш бошлаган, мустақил даромад топаётган 22 нафар ҳунарманд хотин-қиз ўзаро беллашди.

Иштирокчилар ўзи яратган маҳсулотларининг маркетинг бозори, бугунги кундаги талаблар, мижозларнинг таклифлари ҳақида маълумотлар бериб, кераксиз маҳсулотлардан санъат асарини яратиш мумкинлигини амалда кўрсатиб берди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Зумрад Элманова, 2-ўринни Мунира Эргашева, 3-ўринни эса Ҳафиза Нуруллаева эгаллади. Шунингдек, “Энг яхши лойиҳа”, “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши инновацион таклиф” номинациялари бўйича ҳам ғолиб ва фаол иштирокчилар аниқланди.

– Бугун ҳар бир инсоннинг меҳнати қадрланиб, ўз баҳосини олмоқда, – дейди танлов ғолиби Зумрад Элманова. – Юртимизда биздек хотин-қизларга бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилган. Бу имтиёзлардан унумли фойдаланаётган опа-сингилларимиз эса ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва оиласига қўшимча даромад олиб кирмоқда. Мен ҳам Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида ўқиб, миллий ҳунармандчилик йўналишига ишга қабул қилингандим. Ҳозирда ўз даромадим ва ишимга эгаман.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири