“Менинг боғим” лойиҳасига старт берилди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Менинг боғим” лойиҳасига старт берилганини маълум қилди. Бу орқали бюджетдан “Яшил макон” лойиҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида ярми жамоатчилик фикри асосида шаклланган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Жараёнлар қуйидаги 3 та босқичда ўтказилади. Биринчиси таклиф киритиш (10 июндан — 20 июнгача), иккинчиси саралаш (20 июндан — 23 июнгача), учинчиси овоз бериш (23 июндан — 3 июлгача).
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бюджетдан “Яшил макон” лойиҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “Очиқ бюджет” портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланди.
Аҳоли ташаббуси билан “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича майдон манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда қиймати 250 миллион сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади.
“Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни ҳар йили январь-февраль ойларида ўтказилиши белгиланган.
Ш.Маматуропова, ЎзА