“Мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...”
Ижодкорларимиз томонидан улуғ мутафаккиримиз номини абадийлаштириш, улар яратган асарлар ғоясини кенг оммага етказиш мақсадида спектакллар ва бадиий филмлар саҳналаштирилмоқда.
Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш ҳамда Абдулла Қодирий таваллудининг 126 йиллигига бағишлаб жорий йилнинг 20 февраль куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида “Мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, Божхона институти курсантлари, Абдулла Қодирий авлодлари, Ўзбекистон давлат сатира театри актёрлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мутафаккир, ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий номини абадийлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар давлат сиёсати даражасида амалга оширилиб, бу борада ҳукумат қарор ва фармонлари асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, ижод мактаб, кутубхона барпо этилди. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарвоза кўчаси 35 ва 37-уй манзилларида Қодирий уй-музейи ташкил этилди.

Ижодкорларимиз томонидан улуғ мутафаккиримиз номини абадийлаштириш, улар яратган асарлар ғоясини кенг оммага етказиш мақсадида спектакллар ва бадиий филмлар саҳналаштирилмоқда. Ушбу эзгу ишлар замирида Абдулла Қодирийнинг асарларидаги маърифатпарварлик ғояларини ёш авлодга етказишдан иборатдир.

Тадбир давомида курсантларга Турон кутубхонаси тасарруфидаги Абдулла Қодирий музейига экскурсия ташкил этилди.