Менгзиё Сафаров: “Сўқмоқдаги одамлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли қадимшунос олим ва адиб Менгзиё Сафаровнинг “Сўқмоқдаги одамлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Менгзиё Сафаров юрт, Ватан ва табиати шайдоси. Унинг ушбу китоби Сетон Томпсоннинг “Ёввойи йўрға”, Чингиз айтматовнинг “Алвидо, Гулсари”, Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссалари сингари наботот ва ҳайвонот оламининг инжа қирраларини акс эттиради.
Адибнинг “Айришох”, “Она каклик”, “Лаҳза”, “Беданалар” каби қисса ва ҳикояларида ёввойи жониворлару қушлар ҳаёти ўзига хос завқ ила тасвирланган.
Асарда Сурхон ваҳасининг бой тарихи, гўзал табиати, юз йил олдинги ва кейинги иқлимий таҳлилига оид “Сарбаста Сурхон” эссеси алоҳида муҳаббат билан ўқилади.
Адибнинг “Она ер қўшиғи” (1969), “Турналар учади” (1972), Олис қирлар ортида” (1977), “Повест ва ҳикоялар” (1978), “Она тупроқ қўшиғи” (1989) каби китоблари нашр этилган.
Менгзиё Сафаров умрининг сўнгги йилларида “Амударё” номли насрий асар устида ишлаган, аммо унга сўнгги нуқтани қўйиш насиб қилмаган. Адиб 1994 йилда вафот этган.
“Сўқмоқдаги одамлар”ни ўқинг. Унда сиз адибнинг қадрдон дўсти, Ўзбекстон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таъбири билан айтганда: “Ўзбек прозасини ўзига хос янги оҳанглар билан бойитиб, адабиётимизда ёрқин из қолдирган сурхондарёлик истеъдодли ёзувчи Менгзиё Сафаровнинг кўҳна ва навқирон воҳанинг гўзал табиати, соддадил ва олийжаноб одамлари, уларнинг қувонч ва ташвишларини қанчалар жонли тасвирлаган”ига амин бўласиз.
ЎзА