Мендан ўзим ҳақимда ёзиб беришим таклифини беришганида, буни қийин жойи йўқдек туйилди. Мақолани бошлаганимдан сўнг, тўғриси, гапни нимадан бошлашни билмай анча қийналдим. Шунда бир зумдаёқ ёза олмаслигимни ҳис қилдим. Балки бошқа инсонлар ҳақида ҳикоя, мақола ёзишим осонроқ кечарди, лекин ўзим ҳақимда ёзиш мен учун жуда қийин эканини тўлиғича ҳис қилдим.

Мактаб – бу улуғ даргоҳ. Айнан мана шу масканга дастлабки қадамларни қўйишим билан менда шеър ёзишга қизиқиш пайдо бўлган. Ёзиш ва ўқишни ўрганганимдан сўнг, хаёлимда дайдиб юрган сўзларни (лекин уларни ҳозир шеър деб аташга ҳам уяламан) қоғозга тушура бошлаганман.

Кечагидек ёдимда биринчи шеърим “Ватан” деб номланганди. Шеърларимни бир дафтар тутиб ёзиб борардим. Кейинчалик бу дафтаримни парта устига қўйиб кетганимда синфдошларим топиб олиб, мендан сўрамасдан энди ўқишни бошлашганида, мен синфхонага кириб қолганман. Ўшанда “улар ўқиб бўлишибди”, деб роса қўрқиб кетгандим. Чунки бу ҳақида ҳеч ким билмаслигини истардим. Гарчи адабиётни, шеър ёзиш қонун қоидаларини яхши тушуниб, ўзлаштириб олмаганимни ва ўша вақтларда шеърларим камчиликларга тўла эканлигини билардим. Шу воқеа сабаб бўлди-ю, мен уларни олиб бориб майда-майда бўлакларга бўлиб ташладим.

Шундан кейин шеър ёзиш, умуман бирон нарса яратиш истагим бир муддатга мени тарк этди. Ёзги таътилларда бадиий ва шеърий китоблар кўп ўқирдим. Рус синфда ўқиганим боис уйимизда дадам тўплаган 1000 дан ортиқ рус тилида чоп этилган китоблар менга қийинчилик туғдирмасди.

Уларнинг орасидан ўз ёшимга мос китобларни топса бўлади. Менга ҳеч ким тавсия бермаган айнан қайси китобни олиб ўқишни, мен эса кўзимга қайси китоб қизиқарлироқ, чиройлироқ кўринса ўшани олиб ўқиганман. Асосан тезроқ тугатишга қизиқиб, юпқа китобларни, айниқса улар қисқа ҳикоялардан иборат бўлса нур устига аъло нур, топиб ўқирдим.

Шундай қилиб, 6-синфга қадам қўйганимда менда яна шеър ёзиш истаги пайдо бўлди. Энди мен уни қаерга яширишни яхши билардим. Бу сафар ҳам биринчи шеъримнинг номи яна “Ватан”  бўлди. Бунга мактаб дарсликларида “Родина” шеърлари кўп учрагани сабаб бўлган бўлса керак.

Дадам ёзувчи. Демак кўрсатишга одам ёнгинамда эди. Уйдагиларимиз олдида мен ўз шеъримни ўқиб беришим учун ўзимда катта куч топдим. Улар мени жуда мақташди. Хатоларим ҳақида бир оғиз сўз айтишмади. Тўғриси, бундай бўлишини кутмагандим. Ўшанда ўзимдан ўзим фахрланиб, шеър ёзишга киришиб кетдим.

“Янги авлод”, “Камалак юлдузлари”, “Юксак маънавиятли авлод”, “Юрт келажаги”, “Ёш китобхон” каби ёшимга мос республика танловлари ва Зомин семинарларида иштирок этиб улғайдим, ўсдим. Бу танловлар менга катта дарс вазифасини ўтади. Баъзида ютдим, баъзида ютқаздим, асосийси хатоларимни, камчиликларимни англаб боришимга жуда катта ёрдам бўлди.

Коллежни 2-босқичини тугатаётганимда олий ўқув юртига кириш ташвиши буткул ўй-хаёлимни қамраб олди. Нима қилиш, қандай тайёргарлик кўриш ҳақида тўхтамай ўйлардим. Атрофимдаги таниш-билишлар мени тадбир ва танловларда фаол бўлганим учун фанларга қизиқмаса керак, ўқишга қандай кираркан деб ўзимдан-да кўпроқ қизиқишарди. Ҳар гал мендан “Ўқиш нима бўлаяпти? Грантми, контрактми?”  деб сўраб қўйишарди. Мен эса иккиланмасдан “Албатта грант” деб жавоб берардим. Аслида ичимда “контракт бўлса ҳам мингдан минг розиман” деб турардим. Одамлар мени ўзимга ишончим баланд деб ўйлашарди. Ҳатто ҳозир ҳам. Билмайман қандай қилиб бундай кўринишни эплай олганман.

Лекин, аслида аксинча, мен жуда ҳам иккиланувчи инсонман. Битта қарор устида, нафақат қарор, балки ҳар бир гапим устида жуда узоқ ўйланаман. Бу менга кўпинча панд беради. Чунки ортиқча ўйлаш ҳам, калта ўйлаш ҳам зарар. Таваккал қилиб туриш… бу мен учун буткул бегона дейишим, хато бўларди. Назаримда таваккал қилмаганимда ҳеч нимага эриша олмаган бўлардим. Кўп ўйлансам ҳам охир-оқибатда таваккал қиламан. Бундан камдан-кам ҳолатда афсусланаман.

Коллежда 2-босқични битириб, бир қариндош дугонам ёзги таътилни Бухорода абитуриентликда ўтқазишга кетаётганини эшитиб, ота-онамдан рухсат олдим. Осон бўлмади. Янги муҳит, янги одамлар ва мутлақо янги ўқиш услуби мени ҳатто ваҳимага тушириб қўйди. Шунча йўлдан келиб, яна Жиззахга қайтиб кетиб қолишга уялардим.

3 ой мен учун 3 асрдек ўтди. Тақдир тақозоси билан 3-босқичнинг ярмидан бошлаб яна Бухорога, ўша эски ўқув марказда ўқишга кетдим. Бухоро таълими ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Катта маҳорат, билим ва асосийси ҳаёт дарси бўлди. Муҳими, олий ўқув юртига ўзим ҳаммага ваъда берганимдек Грантга қабул қилиндим. 18 ёшимда талаба бўлдим. Бу мен учун катта ютуқ, келажак учун бир қадам вазифасини ўтади.  

Олий ўқув юртига кириш – бу кўп талабалар учун ҳаракатдан тўхтаса ҳам бўлаверишини англатади. Мен учун бошланиш бўлди! Дастлабки 3 ойни мен ҳам тенгдошларим қатори институтдаги дарсларимдан ортмадим. Ўқитувчилар гўёки бир дунё вазифа бераётгандек туюларди. Кунимиз шу билан ўтиб кетарди. Кейинчалик эса вақтимни тўғри тақсимлаб олишга эришдим.

Илмий мақолалар ёзиш мени қизиқтириб қўйди. Ўқитувчиларимиз ўзимга илмий раҳбар топишимни маслаҳат беришди. Айни ўша вақтларда факультетимизда фан номзоди Назира опа Муҳитдиновани олдига боришга опам Гулноз Мамарасулова йўналтирди.

Ҳаётимдаги туб бурилишларга баъзан ўзи билиб, баъзан билмай сабабчи бўлаётган, салкам 2 йилдан бери доим ёнимда бўлган, ютуқларимга хурсанд бўлиб, қийин вазиятларда қайғурган энг яқин инсоним, устозим, опам – Назира Муҳитдинова ҳақида эса алоҳида биографик асар ёзишим мумкин.

Мақола ёзишни бир қадар тушунтирганларидан кўп ўтмай, Ковид-19 тарқалиб, карантинга чиқиб кетдик. Бу давр мен учун ижод даври бўлди. Телеграм орқали устозим билан гаплашардим. Файл жўнатиб, қабул қилардим. Баҳорнинг бошидан кейин қишнинг охирига қадар масофавий ўқиш, бадиий китоб ўқиб янги ҳикоялар ёзиш ва уй ишлари билан биргаликда шу аснода мақола ёзиб бордим. Ўқидим, ўргандим. Ва жами 15 та давлатда инглиз адабиётида модернизм, ориентализм мавзусида мақолалар эълон қилдим. Ҳикояларим Италия давлатида антологияда бир қатор ўзбек ёзувчи  ва шоирлари қаторида нашрдан чиқди. Ундан ташқари Ўзбекистон бўйича республика журнал ва газеталар ҳам менинг ҳикоя ва мақолаларимни чиқаришганлари менга куч берарди.  

2021 йил 6-март… бу кун мен учун келажак учун иккинчи дадил қадам бўлди. Шахсан Президентимиз қўлларидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш – дунёларча бахтни ҳадя этганди. Шу билан биргаликда улкан масъулиятни елкамга қўйди.

Юртбошимиз Ўзбекистонимиз учун қанчалар кўп қайғураётгани ва тинмасдан ҳаракат қилаётганини фақат нутқини диққат билан тинглаган одамгина тушуниб ета олади. Амалга оширган ишларини эса айтишга ҳожат йўқ, шунчаки атрофга қараб, ўзгаришларни кўриш кифоя.

Муҳтарам Президентимиз мукофотни топшириш жараёнида ҳаммамизга алоҳида ўз гапларини айтдилар. Биз уларнинг ҳар биримизнинг ҳужжатларимиз билан мукофотни топшириш бўйича қарорга имзо қўяётганидаёқ танишиб чиққанларини эшитиб, бир қувонган бўлсак, бизга исмларимиз билан медални топшираётган вақтда мурожаат қилганларида бошимиз осмонга етди. Бир неча дақиқалик Давлатимиз раҳбари билан суҳбат менга бундан кейинги режаларимни аниқлаб берди.

2-4-июнь кунлари Миср давлатидаги конференцияда қатнашиб қайтдим. Қоҳира шаҳридаги бу конференцияга нафақат мисрликлар, балки ушбу давлатда ўқиётган кўпчилик ўзбек талабалари ва Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихона маслаҳатчиси Шерзод Якубов ҳам элчихона вакиллари билан иштирок этди.

Ушбу конференция давомида биз, Миср давлатида май ойида нашрдан чиққан инглиз ва араб тилидаги китобимизнинг тақдимотини ўтказдик. Тадбир сўнгида иштирокчилардан 4 нафарига халқаро адабиёт мукофотлари топширилди. Мен ҳам ушбу мукофотга лойиқ деб топилган эдим. Энг муҳими дунёнинг етти мўъжизасига кирувчи қадимий пирамидаларни ёнидан кўришга муваффақ бўлдим.

Шу ўринда Миср давлатига бориб келишимга кетган сарф-харажатларни Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиевнинг бевосита ёрдами билан амалга оширилганини айтиб ўтишни жоиз деб ўйлайман. 21-23-июнь кунлари Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Қозоғистон Республикасидаги Туркистон шаҳрида ўтказилган ёшлар саммитида иштирок этдим. Саммитнинг номи “Туркистон – туркий халқлар бешиги”. Бунда давлатлар ўртасида ёшлар учун фойдали меморандум имзоланишига гувоҳ бўлдик.

Қозоғистоннинг бу шаҳрини биз 3 кун томоша қилдик. Туркистонни қайта тиклашгани мени жуда қувонтирди. Зеро, бу шаҳарда бизнинг ҳам буюк бобокалонларимиз туғилиб, ижод қилган, яшашган. Қувонарлиси, Аҳмад Яссавий ва бошқа тарихий ёдгорликлар, мақбара, мадраса ва масжидлар бутунлай қайта тикланган.

Маълумот ўрнида, яқинда Туркия давлатида ўзбек ёзувчи ва шоирларининг анталогиясида менинг ҳам ҳикояларим нашрдан чиқади.

Ҳали қиладиган ишларим кўп, ўқишим ва малака оширишим керак. “Менда мен ёқтирган ҳамма нарса йўқ. Аммо мен менда бор бўлган ҳамма нарсаларни ёқтираман” – айнан шу шукроналикдир, деб ўйлайман. Бу менинг ёқтирган гапларим, шиорим десам, тўғри бўлар балки.

Келажакда етук ҳикоялар ёзиб, адабиётимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Биламан, инсон мукофот учун ҳаракат қилмаслиги керак, лекин рағбат ҳар қандай одамни ҳам маъсулият юклашдан ташқари хурсанд қилади, кўпроқ ишлашга ундайди.

Халқимизнинг орзуга айб йўқ, деган доно мақоли бор. Мен “Нобел” халқаро мукофотини олишни орзу, аниқроғи ният қилдим. Бу жуда қийин, оғир ва машаққатли эканини яхши биламан, ҳис қиламан. Лекин, генералликни орзу қилмаган аскар – аскар эмас деган нақл ҳам бор. Ана шу эзгу мақсадим йўлида астойдил ҳаракат қилишдан бир зум ҳам тўхтамайман, қайтмайман.

Муқаддас МАМАРАСУЛОВА,

“Зулфия” Давлат мукофоти лауриати,

Жиззах вилояти, Зарбдор тумани

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Менда мен ёқтирган ҳамма нарса йўқ, аммо мен менда бор бўлган ҳамма нарсаларни ёқтираман”