«Мен зўр шоир бўлмоқчи эдим…”
Исроил Шомирнинг «Кўксимдаги қуш» китобига сўзбоши ёзган Усмон Азим «Шеърларида ҳақиқий шоирларга хос ҳазинлик, соғинч уфуриб турибди. Ёлғони йўқ. Қисмат ёзмишлари шундоқ кўриниб турибди. Аммо шеърни маҳкам тутмаганликдан пайдо бўладиган паришон ўринлар ҳам бор...» дейди.
Ҳақрост, Исроил Шомир кўпчилик қатори кимлигини кеч англаган қаламкашлардан. Эй, одам бу дунёга нима вазифа билан келганини вақтида билса борми?! Кўкайни кесадиган бу саволга ким ҳам жавоб топибди-а?..
Шоир, журналист, муҳаррир Исроил Шомир Бойсуннинг кунчиқар томонида жойлашган Пулхоким қишлоғида туғилган. Пулхоким Худога қараган эл. Лалми деҳқончилик қилади. Боғ-роғга ярайдиган озгина суви бор. Уёғи чорва. Илгари Айиқолдию Сўфи Бобогача жангалзор бўлган. Пулхокимсойнинг у бетидан бу бетига қамиш оралаб ўтилган. Қамишзор турли хил ҳайвонларга макон – бошпана эди. Одамлар кўпайиб, аста-аста дарахтларни кесиб, жой очишган. Одамзоднинг шундай бир ваҳший феъли ҳам борда! Ўтган асрнинг 50 йиллари бошида колхозлар бирлашган. Ирғалининг юрти бўлган Пулхокимга Чаган, Оқота – Сарқамишнинг юқорисидан обоқли ошиб келган. Ўрлар Қўшбулоқ, Кўкбулоқ, Тешиктош, Қўчқорбулоқ, Танаписта, Бозорқўлидан энган.
Кўпчилик ота-бобоси қурган иторқа уйда тўртта эчки-улоғи билан андармон бўлса ҳам азбаройи Ҳазрат Эшоннинг сувини деб бу жойни ташлаб кетмайди. «Эшон бобом хуш кўрмайди ...» деб аччиқ экмайдиган бу эл Бойсунда «Хитойқишлоқ» деган ном ҳам олган. Бу таъриф аҳоли кўплигидан бўлса керак.
Пулхокимда «Бир бойнинг бир тойи» бўлиш жуда мушкул. Исроил Ражаб бобою Майсара момонинг тилаб олгани бўлсада, меҳнатда елкаси яғир бўлиб ўсди. «Дийдорга элтувчи йўл» шеърида шундай сатрлар бор:
«Эсимда ҳовлимиз:
ғариб уй,пастқам,
Қишда жон сақлардик зўрға,
қунишиб.
Улғайдик,устимиз юпун бўлса ҳам,
Шафқатсиз йилларнинг олдига тушиб».
Шоир хотираларидан: – Бобонинг кўп боласи турмаган. Кўзга суртгани мен бўлганман. Мен онадан беш ёшимда қолганман. 1966 йилда уйи цинган отам бизни ўйлаб уйланмаган. Отам ниҳоятда камбағал бўлган. Уйимизнинг, ҳатто, айвони йўқ эди. Ўтган ўтди. Энди айтса бўлади. Бир ойлаб ёвғон емаганмиз. Одам бир томони кам бўлсаям эгни қисиқ бўладида! Менинг кўрган кунимни ҳеч ким кўрмасин. Уйда, ҳатто, эшак йўқ. Отам бир йили эшак олди. Каллапўшимни осмонга отганман. Энди эшак миниб, даштдан тезак териб келаман деб. Чунки, ҳар уч-тўрт кунда ҳамсоялардан «Сув опкелайлик, эшагингизни бериб туринг...» дейвериб бет қолмаган. Номус қилардим. Лекин йўқчилик... Манов, баъзи ёшлар ўйнаб юрибди. Худога шукр, менга ўхшаб йўқчиликни кўрган йўқда! Ўв, Тошбоев, у кунлар ўтиб кетди. 60-70 йилларда қишлоқда кўпчилик жуда ночор яшар эди. Магазинларда кийим йўқ. Биз – ўқувчилар мактабга тик иштонда борганмиз. Оёқда калиш. Эй, қаранг. Пит ғижиллайди. Ўғил-қиз партада ўтиролмаймиз. Эй, иштоннинг ички тикишлари питга тўлиб кетган... Тандир қизитилса тескари ўгириб қоқилади. Қарс-қарс деган товуш чиқади. Шундаям ҳаммаси ўлмайди... У кунлар кун эмас эди-е!.. Шамолли қишлоқнинг чаганаси, кўп бўлса, 150-200 та эдида. Нимасини айтасиз. СССР борку, 70 йиллар охирига келиб кун кўрди. Бошқа жойларни билмадим, аммо қишлоғимизга электр 1972 йилда келди. Сувнику айтмасаям бўлади. Ҳовуз ҳам йўқ. Қишда Сариқ қирларидан сатиллаб қор опкеламиз. Катта бир фляга қорни эритсангиз, бир чойдиш сув бўлмайди...»
Исроил ака кўзларини юмиб, чайир қўлларини кўтарганча шеър ўқийди:
«Сенинг кўнглинг куйган,
юрагинг пора,
гоҳо узлатдасан,
баъзан йўлдасан.
Энди бу дунёдан излама чора,
Ёлғон мағлуб этган гумроҳ бандасан».
Шоир хотираларидан: – Студентлигимда кечалари кўрпани бошимга буркаб йиғлагич эдим. Хўрлигим келар эди. Ҳаммага уйдан пул келади – менга йўқ! Отам ўша пайтда ўн икки сўм пенсия олади. Ўн икки сўм! Эҳ-ҳ! 1981 йилда уйландим. Куёвнинг кийишга костум-шими йўқ. Музрабоддаги «Искра» совхоздан бир-икки акахондалар бор эди. Тўйни ўшалар кўтарган. Гуруч, пул-мул... Тўй куни ЗАГСга бордик. Эшдавлат ака котиб. Ўша кундан берман бу одам кўзимга чўғдай кўринади. Қаранг, ўша пайтда ЗАГСдан ўтаётган ҳар бир ёшга 112 сўмдан пул берилади. Шу десангиз, келинни пулиям сенга деб икки юз йигирма беш сўм берди.
Тўй ўтган куннинг эртаси саҳар Тошкент жўнадим. Ҳайит деган тўрт «Искра»чи акахондам Термизга опкелди. Поездга билет йўқ. Бир бало қип обший вагонга чиқаришди. Киссамга яна йигирма беш сўмдан пул тиқяптида. Уларнинг меҳрибончилигини кўриб йиғлайман. Ҳеч ўпкамни босолмайман. Кўзёшларим тўхтамайди. Ў-ў, қандай одамлар ўтди-я! Э-э, улар асли деҳқонободи эди. Ёрма деган жойдан. Мен қорамтир юзталикни ўшаларда кўрганман. Кейин пул алмашгунча қайтиб юзталик кўрганим йўқ.
Қаранг, ўша пайтда Тошкентда етмишга яқин пулхокимчи ўқир эди. Етмишта! Бирон киши мардикорга чиқмас эди. Фалончи мардикор бозорга чиқиб ишлаяпти, деган гап ўлим билан баробар эди. Мен бир бало қилиб кийимларимни папкаларга тиқиб, жўраларимнинг олдига бораяпман, деб квартирадан чиқар эдим. Қизириқлик ошналарга қўшилиб мардикор бозорга борамиз денг. Уккағар, мени биров ишга олмайдида! Орриқ молнинг бозори юрмайдику! Игна ютган итдай озғинман, билакларим чўпдай. Ошналарим бақувват, полвон. Билаклари тўла. Уч киши бир жойда турамиз. Кўтара савдо бўлади. «Учовмиз бир...» дейди. Молларнинг ҳам кўтарамини кўтарасига оладику. Шундай бўлади. Борамиз. Ўттиз сўмга договор қилинган. Мошинда опкетган ҳалиги тошкентлик иш тугагандан кейин пулни бериб, кўчани кўрсатиб қўяди. Ижара уйга бир амаллаб етиб келамиз. Назарбекка кўп боргич эдик. Мабодо икки киши борсак ўн беш сўмдан тегади. Бу энди катта пул.
Институтни битириб келганимда уйда бир тирриқ улоқ йўқ эди.
Раҳми келган тоғам қизини шундай бериб юборган. «Обборавер...» деб. Лекин на қайнота, на тоғаларга суяндим. Туясини ўрга тортадиган одамманку. Энди, биласиз, аёлим чорванинг ичида ўсган. Битта эчки олдик – иккита бўлди. Битта қўй олдик – иккита бўлди. Шуйтиб-шуйтиб, бобонинг, ҳў-ўв, мана бу моллар кимники деса, Исроилбойники дегич бўлди...»
Шоир жарангдор овозда шеър бошлайди.
«Мен кимман...
Дунё шуҳратига инжиқ даъвогар.
Ҳеч кимман...
Аслида шеъримдан бўлак нарсам йўқ,
Юракда дардим бор бўйим баробар».
Сиртдан хотиржам, сокин кўринган бу одам қалбидаги теран маҳзунликни фақат шеър айтаётганда илғаш мумкин.
Наврўз арафаси қишлоққа кетма-кет боришимга тўғри келди. Шуҳрат ҳожи мулла-мўйсафиду оға-иниларни чойга чақирган экан. Тўқсонбой ва саксонбойлар – Рўзи бобо, Мустафоқул ҳожи, Хоним ҳожи гурунги яқин юз йиллик ўтмиш ҳақида бўлди. Гурунгдан сўнг битай деб қолган янги масжид томон юрилди. Отамнинг синфдоши – саксонга бораётган Турсоат муаллим Холиёровга дуч келдик. Анчадан буён кўришмаган синфдошлар қучоқлаша кетди. Гурунг ўз-ўзидан қизиди. Ҳа, дарвоқе, оилавий альбомда «1965 йил январь» деб имзо чекилган бир расм бор. Турсоат Холиёровнинг аскарликда тушган сурати ва ундаги баъзи сатрлар болалик хотирамда жонланади:
«Россия қўйнидаман – ватан посбони,
Оқ чойшаб ёпинган ўлка бағрида...»
Худо берган истеъдодни юзага чиқаролмаган Турсоат бобонинг шеърий мактубларини фарзанду невара-чеваралари ёдаки айтиб юради.
Кекса муаллим сўзларни салмоқлаб, урғуларини жой-жойига кўйган ҳолда, ўктам овозда гурунг беради: – Истеъдод – Худодан. Ўзи юқтирмаса – бекор. Эргаш Аннақул деган ўтди. Ў-ў, агар Тошкентда бўлганда Эргаш Карим жўлда қолар эди. Ўта талантли одам эди. Ҳозиржавоб, топқир. Эргаш Аннақул ундай деган, Эргаш Аннақул бундай деган деб халқнинг тилида қоп кетди. Яна, Бойсарибой деган ўтди. Уям ўта истеъдодли эди. Одамнинг юриш-туришидан ниятини ўлчаб олар эди. Манавининг фикри бундай, манави ҳозир шундай дейди, дегич эди. Зукко одам эди. Бефарзанд ўтиб кетди. Пулхокимда қадимдаям бахши-шоирлар бўлган. Обоқлидан Қора Пирман деган бахши ўтди. Бу... энди юз йил бурунги гап. Босмачиям дейди у кишини. Лекин ўта кучли бахши бўлган. Қамалган. Қамоқдан икки қулоғи чиппа битиб, кар бўлиб келсаям достон айтишини қўймаган. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда Хидир созанда, Хидир қизиқчи, Хидир дўмбирачи деган ўтган. У дўмбирани капанинг ичида чалар экан. Дўмбира шундай авжига чиққан вақтда қушлар келиб капанинг устида айланар экан. Итлар капанинг оғзига келиб, икки оёғини олдинга узати-иб, калласини ерга қўйиб ётар экан. Илгариги вақтда ҳам, ҳозир ҳам «олмас» деган моллар бўлади. Туғадида, боласини олмайди. Ана шундай пайтда одамлар Хидирдан илтимос қилар экан, Хидир бориб дўмбирани чалавергандан кейин ҳалиги қўй ўз-ўзидан боласини олар экан. Шунчалик берилиб чалар эканда!
Исроил Шомирнинг халқона шеърлари, «Ойбарчинга хат»и илдизларини англагандай бўламан. Шоир бежиз «Алпомиш етти йил чоҳда ётганда, фақат қўшиқ айтган экан, ўзини қўшиб айтган экан. Бир сўзни бузмай, умидини узмай айтган экан» деб ёзмаган. «Алпомиш» достонларининг турли вариантлари ва талқинларини пухта биладиган шоир достондан сўз кетса ҳаяжонланиб, савод-савияси ночор бахшиларни ёзғира кетади: «Устоз, ҳозирги айрим бахшиларда ижодкорлик йўқ. Достонни билмайди, тилнинг руҳини ҳис этмайди...»
Куюнчак шоир гапира-гапира бирдан жиддий тортади ва ўзини Қодир бахши ё Шоберди тасаввур этиб, қадим қўнғирот оҳангида жўша бошлайди: «Ана шўнда, оти есан-омон чакдан чиғарип оғаннан сўнг, Олпамиш муритди бураб, оёқди узангига тираб аста-аа Бойсунга оралайберди. Бир тўбанинг устидан бориб қобеди, чепкани бор ийнида, ҳеч кими жўқ кейнида, жорти нони қўйнида– жетмишга кирган бир чол «Ҳў-ў, жетти жиллаб кеткан болам бормисан» деб изиллаб жилаб келаберди. Шўнда Олпамиш: «Ҳў-ў, бобо, мамлакатда нима гапи-хабар бор» деб сўради. Шўнда бобо: «Ҳў-ў, болам, сенинг мамлакатда бўмағанингга жетти жил бўлди, мамлакат жўқ бўп кетган, элу халқ шўх бўп кетган, Ултонтоз жой-жойингга бек бўп кетган. Жетти жилдан берман Ойбарчинингди оламан деб жотипти, кўнмай жотипти. Ҳар куни Ойбарчиннинг ижобига жетмиш така-қўчқорди сўяман, бир тобоғигаям жетмай жотипти» деди. Шўнда, «Ҳў-ў, болам, менинг қўшхонамга меҳмон бўп кепсан, кел, бир саркани сўяйиқ, гўштига тўяйиқ» деб бобо бир саркани сўйди, гўштига еккови тўйди, Олпамиш сарканинг қилидан мўйлов қўйди, соқол қўйди. Мисли Қултой бўп, Ойбарчиннинг ижобига тортиқ деб олдига жетмиш така-қўчқорди ҳайдаб шундай тўйхонанинг устидан бориб қолди. Қараса, бир жойда кўпкари чобилаяпти, бир жойда олиш бўлаяпти, бир жойда одамлар қурга ўтириб овқат жеп кетаяпти. Бойнағи така-қўчқорларди топшириб, шундай қурга ўтирип қарабеди, жетти жойда жетти қозонда ош пишаяпти, ўзининг пушти камаридан бўлган Жодгар жетим боласи қозоннинг остиға шибоқдан ўтинди қалаб, қозондан учиб тушган гуручларди мусичадай-мусичадай, ҳаккаллаб-ҳаккаллаб териб жеб журибди. Ана шўнда, «Ҳў-ў, Жодгар жетим, ма гўшт жесанг деб тобоқдағи жиликди Жодгар жетимга узатбеди, жетти жилдан берман гўшт кўрмаган Жодгар бойнағи жиликди мисли лочин қушдай бўп таппа екки оёғиминан босдида. Буни кўрган ошпазлар: «Сағир бўғаннан кейин суғанақлик қиларакандагин, меҳмонгаям овқат жедиртмайдикан» деб Жодгар жетимнинг тос манглайига капкиртминан собеди, Жодгар жетим чалқайраман жиғилип, «Отажонимди кўриб қоған бобожон, менинг отам қайтиб келама ё сағирга шундай кун бўлама» деб изиллаб жилаб турған жойи».
«Менга асли шеърни ўргатган,
Тўрғай –
даштнинг маҳзун шоири» дея иқрор бўлган Исроил Шомир бошида гоҳ булут, гоҳ қуёш ўтаётир. Халқчиллик – бу уйғоқлик демак. «Энди уйғонмаслик ўлимдан оғир» деб онт ичган шоирнинг ёрқин, самимий сатрлари содда шеър мухлисининг эсида қолиши тайин. Саратонда сойдаги тобакўлда чўмилмаган, аччиқ сувдан юзи шўрлаб, туси эчкемардай бўлмаган қишлоқ боласи бор эканми? Қулоғига сув кирса қуёшда қизиб ётган ялпоқ тошни босиб, бир оёқда сакраётган шотаймас у маҳал
«Сой – асов бедовдир,
мен бир чобағон,
Сув эса қўлимда ялтироқ қамчи» дея ўйлардими?
Қўнғироқдай овозини сақлаб қололган Умид, ҳа-ҳа ўша, ўтган асрнинг 80 йилларининг машҳур қўшиқчиси Умиджон Туропов Исроил Шомирнинг шеърини ўз дарди деб билади:
«Мен бир оҳу боласи эдим,
Хуш кўрардим тоғлар сайлини.
Изларимни соғиниб келдим,
Сизлар билан қолсам майлими?»
Исроил акадаги қайсарлигу камтарлик отамерос. Устознинг «Полвон» номли пьесаси, Муқимий йўлида битилган «Саёҳатнома»си ва тарихий-публицистик бадиалари эълон қилинмаган. Сабаби...
– Тарихий мақолалардан кўнглим тўлмайди. Чала жойлари кўп... Э-э, Тўғиз момо, Аҳмад корол қишлоқ тарихини мунчоқдай қип ипга тизгич эди. Уларнинг қадри ёмон ўтяпти. Ақл кеч кирар эканда!..
Ўзини яниб, маломат қилаётган олтмишбой ёшлик даври маю нобга қўшилиб сипқорилганига, ўткинчи шамолларга совурилганига ўкинади.
Исроил ака журналист Мажид Абдураҳимдан танқид ёзиш сирларини ўрганиб, ўнлаб фельетонлар битди. Эҳ-ҳе, газета Очил Парда даврида газета эдида! «Ғалаба»да фельетон бўлган раҳбар эртасиёқ курси билан хайрлашарди. Тоғаси – Тўрақул Ҳамро Бойсунга ҳоким бўлганда ҳам шоир ўрлигича қолди. Ялтоқланиб амал олмади. Айрим ҳамкасбларига ўхшаб кўринганни қўрқитиб пул йиғмади. Борига қаноат қилди. Ҳаром-ҳаришдан парҳез қилиб ўтган Очил Парданинг, шубҳасиз, катта таъсири бор.
Шоир хотираларидан: – Очил Пардаевни отамдай кўриб қолганман. Дирранда баччани олти ой ўтмай бўлим мудири этиб тайинлади. Ундан кейин масъул котибликка қўйди. Ўша пайт масъул котибнинг ойлиги райкомнинг инструктори маошига тенглаштирилган – 140 сўм эди. Бу пулга элликта кругли ёғоч берарди.
Исроил ака журналист сифатида эътибор топди. Вилоят, республика танловлари ғолиби бўлди. Матбуотдан ортиб, учта шеърий тўплам чиқарди. Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Тошкентдами, Бойсундами учрашсак гап, албатта, кўнгил иши – шеъриятга келиб тақалади. Шоир бирдан маъюс тортади. «Мен зўр шоир бўлмоқчи эдим. Лекин бўлмадим...» деганманку. Эҳ, бу турмуш ташвишлари... Одам шу билан ўралашиб қолса ёмон экан. Абдулла аканинг гапи бор, биласиз...» дея шеър ўқишга тушади:
«Хотин иш буюрар,
Бола йиғлайди,
Боғча деб қайгадир югурмоқ даркор.
Балки шу ташвишлар бўлмаса эди
Шоир бўлармидим анча улуғвор.
Турмуш ташвишлари,
Турмуш ташвишлари.»
Шоир баҳорнинг илк кунлари Тошкентга келди. Уч кун суҳбат қилсак ҳам гапимиз адо бўлмайди. Гоҳ пешин, гоҳ шомдан кейинги зиёфат-гурунглар охирида раҳматли Суннат аканинг созини қилиб, «Буниси ҳисобмас...» деймиз. Даврадошлар қаҳ-қаҳ отади. Исроил ака нафасини ичига тортиб-тортиб кулади. Гап мавзуси ўтмишга бурилади. Қишлоқдаги бурунги бир гурунг эсимга тушади: «Мамаражаб бобо ёшлигида жуда бақувват бўлган. Бўрини ялангоёқ қувалаб, таёқ билан уриб олган. Уккағар, немисни қувиб, Берлингача борганда! Зўрлигидан пулемётчи, снайпер бўлган...»
Шоир хотираларидан: – Отам жуда ориятли одам эди. Адолатсизликни кўрса, бирдан хуни бузилар эди. Олтмиш беш ёшларда ҳам қирчиллама йигитларни «Бобожон...»латиб урганини кўрганман. Уялганимдан қочиб кетар эдим. Олдинги одамлар содда бўлган. Таёқ еса ҳам индамай кетар, ҳатто, эртаси келиб кечирим сўрагич эди. Хатосини биладида. Ҳозир минг хато қилсин, бировни бир шапалоқ уриб кўринг... Ўҳ-ҳў, судма-суд қатнаб юрган кунингиз... Отамдан қўрққич эдим, – дея сўлиш олади Исроил ака. – «Отамга ғойибона айтганларим» деган шеъримда кўнглимда борини ёзганман. Армон тўла болалик ҳақида кўп шеър қораладим. Биттасидан тўрт қатор ўқиб берай:
«Отам даштдан қайтар чориғин судраб,
қўлда заранг таёқ,
юзи чанг, ғубор.
Кипригига қўнган мунгларга қараб,
Дунё,
менинг учун бир йиғлаб юбор».
Отамнинг бўйи икки метрдан зиёд эди. Ўттизинчи йилларда НКВДда ишлаган. У пайтда Бойсунда қамоқхона йўқ. Суд Деновда бўлган. Хуллас, бир авлиёсифат мулла устидан чақув тушади. Бундай сотқинликлар кўп бўлганку! Отам айтар эди: «Йигирма бешга кириб-кирмаган бўз йигитман. Мулланинг ёши қирқларда бор. Мен отда, наганим бор, мулла қўли кишанланган, пиёда. Деновга жўнадик. Шундай йўл бор эди. Гандадан ошиб, Қайрағочнинг усти, Чаган билан Хўжаипокка чиқиб борилади. Уёғи Деновга ошиб кетилади. Чўпонларнинг ўтови бор йўлларда. Чой-пой ичиб, дам олиб йўл юрилади. Кетяпмиз. Муллага «Қийшангласанг, отиб ташлайман...» деб қўяман. Қайрағочга етавериб, мулла ёлвора бошлади. Шундай эланди, шундай эланди... Мени қамоққа обборгандан кўра шу ерда отиб ташла деб Худонинг зорини қилди. Чунки Деновга борган маҳбусни қамоқдан тўғри поездга босиб, этап қилиб Сибирга опкетишади. Мулла тўхтовсиз ялинаверганидан ўзимни йўқотиб қўйдим. Ғафлатда қолдим. Кейин ўйладим: «Бу мулла ўғирлик қилмаган, бировни ўлдирмаган, бегона пошкастага кўз олайтирмаган бўлса... Айби – Қуръон ўқигани. Саводи борлиги!..» Ўша ерда қандайдир галим кетдими, ё раҳмим келдими, ё Раҳмон ўртага кирди, ё Шайтон. Билмадим... «Қочоласанми?..» – дедим. «Агар қўлга тушсанг, сен ҳам ўласан, мен ҳам ўламан» – дедим. «Қочаман!..» – деди мулла. Кишанни ечдим ва бир дарахтнинг тагига кўмдирдим. «Қоч!..» – дедим. У қочиб кетди. Мен эса изимга қайтдим. Бойсунга келавериб, кўзим очилди. Энди нима дейман?.. Милисахонага келиб, мулла қочиб кетди, деб айтдим. Уч-тўрт миршаб солдику айлантириб: «Энағар, сен отлиқ бўлсанг, у пиёда. Қўли кишанланган. Қандай қилиб қочади?..» деб роса тўбалади. Мен бўйнимга олмадим. Қочиб кетди, деб турабердим. Олти ой қамоқда ётиб чиқдим. Орадан йигирма йиллар ўтиб йўлим шу ёққа тушди. Оқдарада мол боқиб жургич эдим. Муллани эслаб, бояги жойга бордим. Таёқ билан кишан кўмилган жойни кавладим. Вей, кишан қандай кўмилган бўлса шундай турибди-е! Кейин билсам, у қурғур пўлатми... зангламайдиган нарсадан қилинади экан. Э-э, тўғрисини айтайми? Қўрққанимдан, кишанни қайта кўмдим. Ҳозир ҳам турган бўлса керак...»
Ражаб Шомирнинг уйи эски мактаб билан деворма-девор эди. Мактаб жойлашган тепаликда қишин-ёзин шамол ҳуруллайди. Шунинг учун бу жойни Шамолли қишлоқ дейишади. Қизил тоба-тошли Шамолли шоирга илҳом берган бўлса ажаб эмас. Тарих шайдоси Исроил Шомирнинг айтишича, Пулхокимда қоратегинлик бир бой яшаган. Унинг чўпкори уйи яқин йилларгача бўлган. Бойнинг отхонаси шўро ҳукуматига қарши курашган Анвар Пошо аксарларига ҳам асқатган. Отхона изи яқин эллик йил бурун ҳам бор эди, деб эслайди шоир.
Турсоат муаллим томоқ қириб, соқолини силаб гап беради:
– Анвар Пошо Пулхокимга қўнгандан сўнг одамлар Бобоқозоқ, Такатининг дараларига кўчиб чиқиб кетган. Қишлоқдаги уйларга кириб олган аскарлар томларни бузиб, ёғочларини ёқиб, вайрон қип ташлаган... Ваҳоб Исмоилнинг уйига боргансизма? Ана шу жойда – «Афғон шаҳид»да икки мужоҳид ётибди...
Гап айланиб, нафақат туманда, вилоятда ҳам машҳур бўлган мактаб тарихи, машҳурлик сирига келиб уланади.
– Бойсундан, Термиздан, Самарқанддан, Тошкентдан йўлланма билан билан юборилган ўқитувчилар кўп эди. Олмониядан келган Ҳофманн немис тилидан, бошқирдистонлик Николай Никоноров, ўрисиялик Козилкина, Ножкина, Полина деган ёш-ёш жувонлар рус тилидан, татаристонлик Иброҳим Содиқов деган биринчи жаҳон уруши қатнашчиси аёли билан тарихдан дарс бергич эди. Муаллимлар учун алоҳида икки хонали ётоқжой қурилган эди. Эр-хотин Содиқовлар медпунктда ётиб ишлаган. Ўша вақтларда 24-сонли деб айтилган Телман мактабига Қўрғонча, Олачопон, Гумматак, Даштиғоз, Ўртабўз, Сариқамиш, Пудина, Хўжабулғондан келиб ўқиган. Интернатда ётган бу болаларга овқат, кийим-бош берилган. 50 йилларда Бойсунда ўрта мактаб саноқли эди. Қишлоқлардаги мактаблар етти йиллик бўлган.
Исроил Шомир Никонорову Козилкина, Ножкинаю Полиналар Телманни тарк этгандан сўнг мактабга борган. Бу пайтга келиб ўрисчани қўнғирот шевасида гапирадиган «малим»лар ўқувчиларга Пушкин тилидан сабоқ бераётган эди. Таълим бўшашган деёлмаймиз, аммо 1978 йилда Тошкентга ўқишга келган Исроил Шомировнинг ўрис сотувчига кир совунни «грязный мыло», сариёғни «жёлтое масло» дея мурожаат этгани бор гап.
Исроил ака «Ҳай ёра-а-аа..» туркум «пост»лари орқали Фейсбук ижтимоий тармоғида ҳам машҳур. Аччиқ киноя ва кесатиқлар не-не калондимоғларнинг уйқусини учириб, юрагини дириллатмаган дейсиз. Ҳатто бир каттакон «Сизни яқинда свети ўчмайдиган жойга жўнатиб юборамиз...» ҳам деган.
Эркин Аъзам «Ҳай ёра-а-аа...»нинг қўнғирот шевасидаги битикларига мухлис.
Шоир ижоди туғилиб ўсган жойидан айрича бўлиши мумкинми?.. Ўзликни англаш – туғилган тупроқни танишдан бошланади. Нафсиламрини айтганда, ҳамалда Пулхокимга келган одам тонгни осмонга дўқ уриб турган Рўзи калат ёки Такатида кутсинда! Нимага дейсизми? Бир тасаввур қилинг: осмондан тўкилган юлдузлар Еркўприк бўйидаги ғорғонақ, бодомча шохларида мунчоқдай тизилади. Момогулдирак товушию такал, ифор, каврак, андиз, оқчайир, қоқи, шувоқ ҳидидан маст бўлиб, чил, каклик, булбулларга тақлидан субҳидамда сайр қилади...
Дарада бир отлиқ кўринди. Ў-ў, қаранглар, шоирмикан? Бахшидир-ов, отининг ёли тарам-тарам. Оқкесикдан ўтдими? Дункиллакда туёқ товуши. Тоба-тошга қулоқ тутинг. Кўринганнинг қадди тикми? Қўлида тутгани заранг таёқми ёки дўмбира?..
Олисдаги отлиқнинг мунгли овози эшитилади:
«Шоир деманг, мен бир йўловчи,
Чарчаб қолган омадсиз овчи.
Аҳли элга иймон тиловчи,
қўлда асо
Тутиб боряпман».
Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист