«Мен юрган йўл» тақдимоти
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиёт намояндаларининг, ардоқли ёзувчи шоирларнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тадбирлар уюштириш, анжуманлар ўтказиш анъанага айланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиёт намояндаларининг, ардоқли ёзувчи шоирларнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тадбирлар уюштириш, анжуманлар ўтказиш анъанага айланган.
Бу йил умрининг олтмишинчи довонидан ошиб ўтаётган Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, шоир Туроб Ниёзнинг ижодий кечаси ана шу хайрли ишларнинг қизғин давоми бўлди.
Туроб Ниёз «Муҳаббат гуллари» китоби учун 2007 йили «Энг улуғ, энг азиз» ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган «Посбониман муқаддас юртнинг» Республика кўрик-танловларининг совриндори бўлган. Унинг илк шеъри 40 йил муқаддам Ғаллаорол туманидаги «Меҳнат байроғи» газетасида чоп этилган. Бугун эса юзга яқин шеърлари қўшиққа айланган.
Тадбирда шоир шеърларидаги мавзулар кўлами, сўзлар жозибаси, бадиий тасвир ва талқин хусусида фикр мулоҳазалар билдирилди.
Ижодий кечада ижодкорнинг «Мен юрган йўл» китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур китобнинг сўнгсўз муаллифи, устоз Сайди Умиров шундай дейди:
– Мазкур сайланмага кирган, шоир ўз онасига бағишлаб ёзган шеърларини таъсирланмай, кўзга ёш олмасдан ўқиб бўлмайди. Шаҳар бағридан қадрдон қишлоғига бориб, ўзини она қучоғида кўрган фарзанд учун чарчоқ, соғинчлари унутилгандай бўлади. Китобдаги ҳеч бир сатрни ҳаяжонланмасдан, титрамасдан мутолаа қилиш мумкин эмас.
Тадбир иштирокчилари «Мен юрган йўл» сайланмасини шоирнинг қутлуғ ёши арафасида ижодидан саралаб олинган ажойиб гулдаста сифатида эътироф этди.