Бухорода юртимизнинг олис ҳудудларидаги мактабларда таълим олаётган ўқувчи қизларни жалб қилган ҳолда “Мен ватанпарварман!” шиори остида ватанпарварлик тадбирларига старт берилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамкорлигида мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида ўтказилмоқда.
Вилоятнинг Ғиждувон туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактаби юртимизнинг олис ҳудудидаги мактабларидан биридир. Юртнинг ҳар қарич ери муқаддаслиги мана шундай олис ҳудудда яшашидан қатъий назар, кўзларида Ватанга бўлган муҳаббат порлаб турган қизларнинг тадбирга бор меҳри билан киришганидан маълум бўлди.
Тадбирда Ватаннинг ҳақиқий жасур қизлари, ватанпарвар, юрти, халқи учун жонини фидо қилишга тайёр бугунги замон Тўмарислари жамланди. 5 та шарт асосида қизғин ва муросасиз курашган қизлар ўртасидан энг муносиблари ғолиб деб топилди.
Ғолибларга Бухоро вилояти ҳарбий прокурорининг кубоги, дипломи ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир ўқувчи қизлар қалбида бир умрга татигулик ватанпарварлик туйғусини камол топтирди.
Тадбир давомида Қуролли Кучлар ҳарбий оркестри, “Фахрий қоровул” жамоаси, шунингдек, “Шодиёна” рақс дастаси чиқишлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири