"Мен уруш кўрдим, сизлар кўрманглар"
Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Акбар Абдухалилов, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Дилшод Тошбеков, «Афросиёб» ўқув спорт техника клуби бошлиғи Алишер Усмонов ҳамда Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси томонидан дастлаб Самарқанд шаҳар Мотрид қўрғони Хўжа "Гунжоий" маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Фазлиддин Аслиддинов ҳолидан хабар олишди.
Асли касби ўқитувчи бўлган тиббиёт фанлари номзоди, доцент Фазлиддин ота ҳам ана шундай уруш заҳматларини кўрган инсонлардан биридир. Учрашувда уруш қатнашчиси ёш авлод вакилларига бошидан кечирганлари, уруш даври қийинчиликлари ҳақида сўзлаб берди.
Ёшларни юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, Ватанмизни кўз қорачиғидек асраш, виждонли ва мард бўлиш, таълим-тарбия олиш учун яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга даъват этди.
– 1946 йилда урушдан келиб, Мотрид қўрғони ҳақида китоб ёздим. 1956 йилда ҳисоблаб чиққанимда Мотрид қўрғонидан 280 нафар уруш қатнашчилари соғ-омон, баъзилари ногирон бўлиб қайтишди. Шу жангчилар орасидан ҳозир бир ўзим қолибман.
Оиламиздан 8 нафар ака-укалар урушга сафарбар қилинган эдик. Шундан 4 нафари уруш қурбони бўлди, 3 нафари ногирон бўлиб қайтди ва 1 нафари – мен соғ-омон қайтиб келдим. Ҳеч қачон ер юзида уруш бўлмасин. Мен уруш кўрдим, сизлар кўрманглар – деб дуо қилди Фазлиддин бобо.
Шундан сўнг, «Мамино счасте» оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасида болажонлар Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоасининг ғалаба тароватини мадҳ этувчи куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар.
Тарғибот гуруҳининг навбатдаги манзили Евгений Солдатов хонадонида бўлишди. Урушнинг қийин кунларини бошидан ўтказган 95 ёшли Eвгений Солдатов ҳолидан хабар олиниб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Қаҳрамонимизнинг мусиқага бўлган қизиқиши юқори бўлганлиги сабабли ташриф буюрганларга ғалабани мадҳ этувчи куйларни ижро этди. Шунингдек, уруш заҳматлари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Дилшод Тошбеков,
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти
Самарқанд вилоят кенгаши раисининг ўринбосари