Жаҳон эстетик тафаккурининг буюк намояндаси ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг асосий концепцияси, биринчидан, дунёнинг энг бой тилларидан ҳисобланган туркий тилнинг қадри нечоғлиқ юксак эканини назарий ва амалий жиҳатдан исботлаш, иккинчидан, туркий миллатнинг шаъни ва шарафини муносиб даражада ҳимоя қилиш бўлгани аён.
Аслида, VII – VIII асрларда аждодларимиз томонидан туркий-рун ёзувида Ўрхун-Энасой тошбитикларининг, ХI асрда “Девону луғотит-турк” сингари тил қомуси ва “Қутадғу билиг” достонининг, ХII асрда эса “Ҳибат ул-ҳақойиқ”дек нодир бадиият дурдонасининг яратилиши натижасида туркий тилнинг луғат бойлиги ва ифода имкониятлари нечоғлик кенг экани намоён этилган эди. Бироқ кейинги асрларда тилимизнинг адабий тил сифатидаги нуфузи нисбатан пасая борди. Туркий миллатнинг буюк мутафаккирлари ҳам жаҳонга машҳур асарларини арабий ёки форсий тилда ёзди. Натижада ХV асрнинг иккинчи ярмида туркий тил нафис адабиёт тили бўла олмаслиги, бу тилда “Хамса” сингари гигант асарларни ёзиш имкони йўқлиги ҳақида баралла сўзлана бошланган эди. Табиийки, бундай вазиятга чинакам миллатпарвар ижодкор бефарқ қарай олмайди. Ҳазрат Алишер Навоий бундай номақбул ҳолатга дастлаб Саййид Ҳасан Ардашерга маснавий йўлида ёзган шеърий мактубида қатъий муносабат билдирди.
Маълумки, ҳазрат Навоий “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида: “...фарзанд деб эрдиларким, ўз ҳавлим гўшасида алар учун бир мухтасар маскане алоҳида тартиб қилиб эрдим, гоҳики, муфрит риёзатлардин табълариға калоле воқеъ бўлса эрди, хотирлари ташҳизи учун ул масканға келиб, бир кун-икки кун туруб, яна хонақоҳға ўз хилватлариға борурлар эрди”, деб бу улуғ зот билан ота-боладек қадрдон бўлганини айтади. У вафот этганда, ҳазрат Навоий соҳиби аза бўлиб, таъзия қабул қилган. Ҳатто Жўйи нав деган анҳор суви ўтадиган кенг ва хушҳаво ерда унга хилхона қурган.
Шеърий мактубнинг алоҳида диққат қаратиш зарур бўлган муҳим жиҳатлари, биринчидан, ушбу маснавий 1465 йили навқирон Алишер йигирма тўрт ёшга кирган кезлари ёзилган. Иккинчидан, бу мактубда буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодининг асосий концепцияси – туркий тилнинг адабий тил сифатидаги имконияти нечоғлиқ юксак эканини исботлаш ва миллатнинг шаъну шарафини, ору номусини ҳимоя қилиш руҳияти қувватли ифодаланган. Жумладан, маснавийда буюк шоир мана бундай ёзади:
Мен ул менки, то турк бедодидур,
Бу тил бирла то назм бунёдидур.
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире.
“Бедод” сўзи луғатда “жабр, зулм, адолатсизлик” маъноларини англатади. Демак, юқоридаги байтда ҳазрат Навоий ўзи ҳақда ёзиб, туркий миллатининг жабр кўрган, зулмга учраган, адолатсизлик изтиробларини тортган бир фарзанди эканига урғу бермоқда. “Мен ул менки” деган таъкид замирида жабр кўриш даражаси бошқалардан ҳам кўра унда юз чандон оғирроқ бўлганини англатади. Чунки оддий авом миллатпарвар билан мутафаккир миллатпарвар қалбидаги дарднинг миқёси, табиийки, бир хил бўлмайди. Маснавийнинг давомида буюк шоир туркий тилда қачондан бери назм ижод қилинаётган бўлса, фалак Низомий даражасида назмга қодир бўлган мендек нодир сиймони кўрмаган, дея фахрия битган. Ҳолбуки, ушбу шеърий мактуб ёзилган даврда ҳазрат Навоийни Навоий қилган “Хамса” ҳали яратилмаган, “Хазойин ул-маоний” куллиётига тартиб берилмаган, “Лисон ут-тайр”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва ҳоказо энг машҳур асарлари дунё юзини кўрмаган эди. Ҳали эндигина “Илк девон” кўчирилиб, мухлислар қўлига етиб борган эди. Юқоридаги фахрия шундан дарак берадики, ўша кезлариёқ ҳазрат Навоий ўз қаламининг кучини, туркий сўзнинг қудратини чуқур ҳис қилган ва кенг миқёсда эътироф қозонган.
Учинчидан, ҳазрат Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳаёт ва ижод моҳиятини мана бу тарзда таъсирли ифодалайди: “Бўлурдин даҳр бўстонида мавжуд, Эмасдур ғайри сўзу дард мақсуд”. Бу ўринда “сўз” – куйдириш, ўрташ маъноларида. Демак, улуғ бобокалонимиз таъбирича, инсоннинг даҳр бўстонига келишидан, тириклигидан мурод – сўзу дард. Қалбда ишқ оташи, юракда дард бўлмаса, яшамоқнинг мазмуни йўқолади. Агар бадиий асар ана шу дарду сўздан маҳрум қолса, заррача ҳам қимматга эга бўлолмайди. Мана бу байтда ана шу ижодий-руҳий ҳолат бор мураккаблиги билан акс этган:
Не назме дер эрсам мени дарднок -
Ки, ҳар ҳарфи бўлғай анинг дурри пок.
Буюк шоир назмда нимаики ёзса, моҳиятан дард билан йўғрилганини, унинг ҳар бир ҳарфи пок бир дур эканини алоҳида таъкидлаяпти. Ўша кезлари ҳазрат Навоийни қийнаган энг оғир дард тилининг камситилаётгани, миллат эстетик тафаккури такомилининг асоси бўлган миллий адабиётнинг буюк мутафаккир идеали даражасида юксакликка кўтарила олмаётгани эди. Бунинг учун муайян шароит етилмоғи, назм бешасининг шери майдонга келмоғи тақозо этиларди.
Етар Тенгридин онча қувват манга -
Ки, бўлмас битирига фурсат манга.
Буюк шоир ўзига ана шундай қувват ато этилганини теран ҳис этган. Бу қувватни Тангридан етган деб ҳисоблаши унинг эътиқоди туз, комил мусулмон бўлганидан далолат беради. Бу қувватнинг миқёси шу даражадаки, илоҳий завқ билан қуйилиб келган сўз жавоҳирларини битиб улгура олмайди, ҳатто бунга фурсат ҳам топиш маҳол.
Тўртинчидан, ҳазрат Навоий шеърий мактуб учун арузнинг мутақориб баҳрини – мутақориби мусаммани маҳзуф вазнини танлаган. Тақтийи қуйидагича:
фаувлун фаувлун фаувлун фаал
V – – / V – – / V – – / V –
Маълумки, Шарқ шеъриятининг нодир намуналари ҳисобланган Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома”си, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и, жангнома руҳидаги асарлар ана шу вазнда битилган. Буюк мутафаккир ота ва пир мақомида кўрган Саййид Ҳасан Ардашерга аталган назмий мактубни нима учун арузнинг бошқа сокин, лирик талқинга мос баҳрида эмас, жангнома руҳидаги асарларга монанд мутақорибда ёзди, деган савол, табиийки, кўпчиликни ўйлантиради. Бунинг биринчи сабаби, “...мутақориб баҳрининг туркий халқлар шеърий тизими – бармоқнинг энг фаол шаклларидан бўлган ўн бир бўғинли вазнига жуда уйғун экани” бўлса, иккинчи сабаби ўша даврда ҳукм сурган туркий тилга нотўғри муносабат билан боғлиқ. Улуғ миллатпарвар кейинчалик “Муҳокамат ул-луғатайн”да битилган мана бу фикрларида буни қуйидагича таъсирли ифодалаган: “Бу эҳтимолга худ йўл берса бўлмаским, турк улусининг хуштабълари мажмуи сорт тили била назм айтқайлар ва билкулл турк тили била айтмағайлар, балки кўпи айта олмағайлар ва айтсалар ҳам сорт турк тили била назм айтқандек фасиҳ турклар қошида ўқув ва ўткара олмағайлар ва ўқусалар, ҳар лафзлариға юз айб топилғай ва ҳар таркиблариға юз эътироз ворид бўлғай”. Буюк шоирни йигирма тўрт ёшидаёқ ана шу савол қийнаган, кўзларидан уйқуни, қалбидан ҳаловатни олган: “Бу эҳтимолга худ йўл берса бўлмаским, турк улусининг хуштабълари мажмуи сорт тили била назм айтқайлар ва билкулл турк тили била айтмағайлар”. Ҳолбуки, мазкур шеърий мактуб ёзилган даврда айни шундай вазият ҳукмрон эди. “Турк улусининг хуштабълари” аксар ўз она тилларида эмас, форсий тилда асарлар ёзар, туркий тилда фасоҳат ва балоғат билан сўз айтишни мумкин бўлмаган ҳол сифатида қарар эди. Ижодий қуввати бениҳоя баланд, қалбида миллатпарварлик туйғуси кучли бўлган ҳазрат Навоийни ана шу ҳол чуқур изтиробга солган. Шунинг учун ҳам у назмий мактубда форсий шеъриятнинг буюк намояндаси, “Шоҳнома” асари билан маълум ва машҳур бўлган Абулқосим Фирдавсий номини тилга олиб, ижод мусобақасида уни мағлуб эта олишини замондошлари онги ва қалбига чақмоқдек таъсир қиладиган сўзлар билан бетакрор талқин этади:
Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур -
Ки, гар келса Рустам жавобин берур.
Рақам қилди фархунда “Шаҳнома”е -
Ки, синди жавобида ҳар хомае.
Мусалламдурур зоҳиран бу иши -
Ки, маъразға келмайдурур ҳар киши.
Буюк бобокалонимиз талқинича, шеърият майдонида Фирдавсий гурд, яъни забардаст паҳлавон. Шу даражадаки, ҳатто Рустами достон келса ҳам, елкасини ерга теккиза олади. Машҳур “Шоҳнома”ни ёзганда, кимки унга жавобан шундай асар битмоқ истаган бўлса, барчасининг қалами синди, яъни жавоб ёзишга қуввати етмади. Зоҳиран, бу иш унгагина муносибдай, бошқа ҳеч ким ижодда бу даражага эриша олмайдигандай кўринади.
Деди ўз тили бирла ул кони ганж:
“Ки, си сол бурдам ба «Шаҳнома» ранж”.
Бу ўринда ҳазрат Навоий ижодий мунозаранинг, баҳс маданиятининг юксак намунасини кўрсатади. Фирдавсийнинг ҳам ҳурматини жойига қўйиб, уни сўз хазинасининг кони, дея таърифлайди. У ўз тили билан “Шоҳнома”ни ёзиш учун ўттиз йил ранж чекканини, машаққат тортганини айтган, дея бунинг далили сифатида буюк шоир сўзларидан иқтибос келтиради.
Ани дерга бўлса қачон рағбатим,
Эрур онча Ҳақ лутфидин қувватим -
Ки, ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,
Битигаймен ўттуз йилин ўтуз ой.
Агар хосса маъно гар ийҳом эрур,
Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур.
Яъни ҳазрат Алишер Навоий мабодо Фирдавсий “Шоҳнома”сига жавоб ёзиш истаги туғилса, Ҳақ таолонинг лутфи туфайли ижодий қувватим шу даражадаки, нутқ нечоғлиқ сустлик кўрсатмасин, унинг ўттиз йилда ёзганини ўттиз ойда бита оламан, дея алоҳида таъкидлайди. Агар хосса маъно ёки ийҳом санъати асосида ёзиш талаб этилса ҳам, унинг (яъни Фирдавсийнинг) юз байтини битиш мен учун худди ҳалво ейиш каби осон, деб ижодий салоҳияти қанчалик баланд эканини билдиради. Ўттиз ой – икки ярим йил, демакдир. Бундай фикрни айтиш ва юксак савияда уддалаш учун ижодкор нечоғлиқ беназир истеъдодга, нақадар ҳадсиз тахайюл оламига ва қанчалар улкан ижодий тафаккурга эга бўлиши кераклигини тасаввур этинг.
Ҳақиқатан, буюк мутафаккир туркий миллатни бир тил ва бир адабиёт байроғи атрофида якқалам қилди – бирлаштирди. Замондоши ва дўсти, темурийзода ҳукмдор Султон Ҳусайн Бойқаро таъбири билан айтганда: “Туркий тилнинг ўлган жасадиға Масиҳ анфоси била руҳ киюрди”. Қарийб юз минг байтли беназир адабий-илмий мероси билан туркий тилнинг дунё тиллари орасида мумтоз ўрин эгаллашини амалда ҳам исботлади.
Хулоса: бугунги кунда туркий халқларнинг ўрта бир тилини яратиш зарурати ҳақида сўзланяпти. Бизнингча, агар шундай тилга эҳтиёж сезилса, бу, шубҳасиз, Алишер Навоий тили бўлиши керак. Чунки буюк Навоий ўша мураккаб ва зиддиятли замонда туркий тилнинг халқаро миқёсдаги эътирофини таъмин этди. Теран фалсафий-ирфоний мазмун ва бетакрор бадиий шакл синтезининг мумтоз намуналари бўлган асарлари билан туркий адабиётни жаҳон эстетик тафаккурининг чўққисига олиб чиқди. Бу асарлар бугунги кунда ҳам барҳаёт туркий руҳият ифодаси орқали башариятни халқимизга хос кенгфеълликка, ўзаро душманликни бартараф этишга, тинчлик-офият ва тараққиёт йўлида бирлашишга, камол касб этишга даъват этиб келаётир.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА