Мен нечун севаман Ўзбекистонни
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан ҳарбий қисм раҳбарияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ҳарбий хизматчилар, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар иштирокида ташкил этилган тадбир аввалида Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Абдулла Ориповнинг қуйидаги гўзал сатрлари ўқилди:
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун ватан, дея еру осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо.
....
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат, деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқларкан тупроғини мен,
Ўпаман, тупроғинг бебаҳо, Ватан!
Ушбу сатрлар барча иштирокчилар қалбини тўлқинлантириб, юртга муҳаббат, Ватан ободлиги ва равнақидан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Тадбирда мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар учун яратилган имкониятлар, аскарларнинг жанговор-сиёсий билимларини, маънавиятини юксалтириш, мустақиллик неъмати, она Ватанни ардоқлаш, инсон шаъни ва қадрини улуғлаш мавзуларида сўз юритилди.
– Ватанимиз мустақилликка осонликча эришгани йўқ, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи. – Халқимизнинг асрлар давомидаги энг улуғ орзуси Мустақиллик эълон қилинганидан кейин ҳам дастлабки йиллар давомида истиқлолимизни, юртимиз равнақини кўролмаган қанча-қанча қора кучлар, диний экстремистлар мустақиллигимизга, тинч ҳаётимизга чанг солганини кўпчилик яхши эслайди. Шу боис ҳам мустақиллик неъматини асраб-авайлаш, улуғлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Тадбирда аскарлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳарбий бурчни юксак даражада адо этишларига руҳлантиришда адабиётнинг ўрни ва роли муҳимлиги, аскарларнинг ижод аҳли билан учрашуви уларга катта маънавий озуқа бериши, қолаверса, қалбларида эзгулик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Восит Аҳмат, Барнохон Солиева, Сардор Сирожиддин, ёш шоира Дилшода Абдумуталибова ҳарбийларга истиқлол солномаларини ҳаётий мисоллар асосида гапириб, ўз ижодларидан намуналар ўқиди.
[gallery-13362]
Адабиёт, шеърхонлик кечасига айланиб кетган тадбирда ижодкорлар, ижодкор ҳарбий хизматчилар томонидан она Ватан, юрт ҳимоячиларини мадҳ этувчи, шунингдек, меҳр-оқибат, муҳаббат ва садоқат мавзуларида ўқилган шеърлар барчада катта таассурот қолдирди.
Ҳарбийлар ва ижодкорлар ўртасидаги самимий ва дилдан кечган суҳбат аскарларга улкан маънавий озуқа бериш билан бирга, қалбларида эзгулик, она Ватанга ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Тадбир якунида ёзувчи ва шоирларнинг ҳарбийлар билан ижодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳамкорликда тез-тез турли тадбирлар ўтказиб туриш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА