“Мен ғолиб”: кўрик-танлов бошланди
Муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида “Мен ғолиб” шоири остида “Чирчиқ” полигонида Армия ўйинларининг кўрик-танлови бошланди.
Мазкур ташаббус Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш ва улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, назарий ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш, миллий ва жанговар руҳиятни кучайтириш, бирдамлик, ҳамжиҳатликни ошириш, келгусида контракт бўйича ҳарбий хизмат учун муносиб номзодларни саралаб олиш мақсадида амалга оширилди.

“Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” ғояси асосида ўтказилаётган армия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари ва меҳмонлар барча ҳарбий хизматчиларга омад тилади. Шундан сўнг, мард ўғлонларнинг касбий тайёргарлиги, чаққонлиги ва руҳий қуввати, абжирликларини 25 та мутахассислик кўрик-танловлар йўналиши бўйича синовдан ўтказишга киришилди.
Кучли рақобат руҳи остида кечаётган мусобақаларда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг доимий шайлиги, жанговар ҳаракатлар ва махсус тадбирларни олиб боришдаги уюшқоқлиги, берилган вазифаларни сифатли бажариши, шартларга тайёргарлик даражаси, жисмоний ва руҳий ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бир неча турдаги мусобақа ва кўрик-танловлар ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, жанговар шайликни ошириш билан бирга мамлакат мудофаа қудратининг юксалишига ҳам хизмат қилмоқда.
Ғолибларни аниқлаш бўйича “Чирчиқ” полигонида армия ўйинлари давом этмоқда.

А.Мусаев, ЎзА