Муносабат
Президентимиз томонидан менга ҳам “Мард ўғлон” давлат мукофоти берилди. Ота-онамнинг ибратли тарбияси сабаб тиббиёт соҳасини танладим. Эслайман, 2016 – 2021 йили футболга ихтисослаштирилган мактабда таълим олдим ва айнан ютуқларга интилишни ўша пайтлардан бошлаган.

2023 йили Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган асосий фанлар бўйича Республика олимпиадасида мутлақ ғолиб бўлдим. Шунингдек, БAAда ташкил этилган 34-Халқаро биология олимпиадасида бронза медали соҳибига айландим. Бундай юқори натижалар менга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги қарори асосида давлат гранти орқали университет талабаси бўлиш имконини берди.
Бугунги кунда 20 га яқин мақола ва ўқув қўлланмалар муаллифи, илмий журналларда ўз изини қолдираётган тадқиқотчи сифатида танилдим. Айниқса, компьютер дастурлари бўйича патент олганим ва IELTS имтиҳонида 7.5 (C1) балл натижа қайд этганим келгуси фаолиятимда муҳим аҳамият касб этади.
Мен барча фаол ёшлар каби юртимиз ривожига ҳисса қўшишга, тиббиёт масалаларига ечим топишни ва жамиятимиз фаровонлиги йўлида хизмат кўрсатишни мақсад қилганман. Истагим, Ўзбекистон ёшлари дунёга илм-фандаги ютуқлари, санъат ва маданиятдаги беназир ижодкорлиги билан танилсин. Бу каби ёшлар сафида мен ва менинг тенгдошларим ҳам олдинги қаторларда бўлишимиз шарт.
Аслида Президентимиз ҳам Янги Ўзбекистоннинг “Мард ўғлон”ларидан ана шундай ватанпарвар, фидойи ва ҳар жабҳада пешқадам бўлишни кутади, деб ўйлайман. Мен эришган бу ютуқлар Тошкент давлат тиббиёт университети педагогик жамоасининг, бутун Ўзбекистон ёшларининг ҳам ғуруридир.
Муҳаммадиброҳим Эгамбердиев,
Тошкент давлат тиббиёт университетининг 2-босқич талабаси.
ЎзА.