Меморандум имзоланди
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси делегацияси жорий йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Озарбайжон эркин истеъмолчилар иттифоқи таклифига мувофиқ Боку шаҳрида бўлди.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси делегацияси жорий йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Озарбайжон эркин истеъмолчилар иттифоқи таклифига мувофиқ Боку шаҳрида бўлди.Томонлар ўзаро ахборот алмашиш, қўшма лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, биргаликда учрашув, конференция, семинар ва симпозиумлар, мутахассис ва делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш бўйича меморандум имзолади.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов, Озарбайжон эркин истеъмолчилар иттифоқи раиси Э.Ҳусейнов ва бошқалар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро тажриба асосида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш бугунги кун талаби эканлигини таъкидлади.
Озарбайжонлик мутахассисларга Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолияти, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги ННТни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кенгаш, Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Аксилмонополия сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат хизмати ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари форумида учрашувлар ўтказди.