Орамизда доривор ўсимликларни етиштириш, уларни қайта ишлаб, юқори сифатли органик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “Меҳригиё” кичик корхонасининг фаолияти ҳамда бу ерда ишлаб чиқарилаётган шифобахш, энг муҳими, табиий маҳсулотлар ҳақида эшитмаганлар кам бўлса керак.
Зеро, 1992 йили табиатшунос олим Алижон Абдураззоқов асос солган корхона бугунги кунга келиб, мафтункор юртимизнинг туризм брендларидан бирига айланиб улгурди.
Айни кунларда 520 гектар экин майдонига эга бўлган корхонада инсон саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этувчи папайя, гуава, лаванда, зайтун, киви, хандон писта каби ўсимликлардан 50 хилдан ортиқ юқори сифатли табиий маҳсулотлар тайёрланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг савдоси Россия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, БАА, Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳам йўлга қўйилганлиги, яқин кунларда улар қаторига Саудия Арабистони, Германия, Япония каби мамлакатларнинг қўшилиши ушбу корхона салоҳиятидан дарак бериб турибди. Элу юрт орасида “Меҳригиё” номи билан машҳур бўлган маскан “Саломатлик” ордени соҳиби Алижон Абдураззоқовнинг кўп йиллик изланишлари маҳсули эканлигини эътироф этишимиз лозим.
Эътиборлиси, Алижон ака айни кунларда ҳам эришилган натижалар билан чекланиб қолиш ниятида эмас. У ўғли Оллоёр кўмагида корхона фаолиятини янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган янги лойиҳалар борасидаги ҳаракатларни изчиллик билан давом эттирмоқда. Яқинда Алижон Абдураззоқовлар оиласи ҳаётида яна бир унутилмас воқеа рўй берди. Жорий йилнинг 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари бир гуруҳ фаол ёшлар билан суҳбатлашди. Мазкур мулоқотда оиланинг кичик фарзанди Оллоёр Абдураззоқов ҳам иштирок этди.
[gallery-18250]
– Президентимиз билан бўлган мулоқотда лаванда плантациясини ташкил қилганимиз туфайли ҳар йили юртимизда “Лаванда фестивали”ни ўтказишни йўлга қўйганимиз, корхонамизда 300 нафарга яқин ўғил-қиз бандлиги таъминлангани ҳамда имконияти чекланган тенгдошларим учун иш ўринлари яратиш борасидаги янги лойиҳаларимиз ҳақида гапириб бердим, - дейди Оллоёр Абдураззоқов. – Режаларимиз Президентимизга маъқул келиб, лойиҳамизни амалга ошириш учун зарур кўмак кўрсатиладиган бўлди. Бундан янада руҳланиб, ўз олдимга қўйган мақсадларни иштиёқ билан амалга оширишга киришдим. Ниятимиз битта – Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА