Меҳрибон устоз, заҳматкаш олим ёди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, фалсафа фанлари доктори, профессор Саид Шермуҳамедов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан республика илмий семинари ташкил этилди.
“Саид Шермуҳамедовнинг илмий ва маънавий меросининг авлодлараро ворисийликни таъминлашдаги аҳамияти” мавзусида туркум республика семинарида олимлар, тадқиқотчилар, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Эътироф этилганидек, “Ижтимоий фалсафа” ва “маданият фалсафаси” илмий мактабининг асосчиси — Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги, фалсафа фанлари доктори, профессор, Беруний номидаги давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Саид Шермуҳамедов 1930 йилда Бухоро вилояти Коракўл туманида туғилган.
Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида ўқиб, 1957 йилда Иброҳим Мўминов илмий мактабида маданият фалсафаси йўналишида фаолият олиб борган. 1957 йилда фалсафа фанлари номзоди, 1970 йилда фалсафа фанлари доктори илмий даражасига, 1980 йилда профессор унвонига сазовор бўлган. Саид Шермуҳамедов 1962–1965 йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академияси фалсафа илмий тадқиқот институтининг илмий котиби, 1965–1970 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг маданият бўлими бошлиғи, 1980–1984 йилларда Ўзбекистон Республикаси маориф вазири, 1984–1985 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси педагогика илмий тадқиқот институти директори лавозимларида меҳнат қилган.

Олим 1985–2000 йилларда Ўзбекистон миллий университети фалсафа кафедраси мудири, 2000–2016 йилларда кафедранинг профессори, 1989 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистон фалсафа жамияти президенти лавозимида ишлаган. 15 та монография, 10 та дарслик, 500 дан ортиқ илмий мақола муаллифи. Саид Шермуҳамедов 1975 йилда “Жамият ривожланишининг ижтимоий-маданий асослари” илмий мактабига асос солган “Ижтимоий фалсафа” ва “Маданият фалсафаси” ихтисослиги бўйича 88 нафар тадқиқотчи фалсафа фан номзоди ва 25 нафар тадқиқотчи фалсафа фанлари докторига илмий раҳбар бўлган. Улар орасида Малайзия, Эрон, Чехия каби мамлакатлардан тадқиқотчиларнинг борлиги эътиборга моликдир.

Саид Шермуҳамедов асос солган Ижтимоий фалсафа, маданият фалсафаси илмий мактабининг давомчилари янги Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида профессор ўқитувчилари, давлат ва жамоат ташкилотларининг илмий ходимлари лавозимларида фаолият олиб бормоқдалар.
[gallery-23313]
Семинарда меҳрибон устоз, заҳматкаш олим илмий-маърифий мероси ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА