Ишга янги келган кезларим. Ҳовлиқиб ахборотларни гоҳи ўзбек, гоҳи рус тилида ёзишга тўғри келарди. Устоз Машраб Бобоев ўша кезлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг таржима таҳририятида муҳаррир бўлиб ишлар эдилар.
Бир куни ёзганларимга қарадилару "Қизим, туппа-тузук ўзбек қизи экансиз, энди ахборотларни ҳам ўзбек тилида ёзишни ўрганинг", деб қолди. Меҳр билан айтилган бу сўзлар чорловми, танбеҳми тушунмагандим ўшанда. Хизматчилик экан, устоз ўшанда зарра киноясиз айтган сўзлари ҳали-ҳамон қулоқларим остида янграйди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи ва драматург Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланаётган шу кунларда устоз Машраб Бобоев ҳақидаги хотиралар яна онгимда чарх ура бошлади. Қутлуғ сана арафасида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Паркент кўчаси 31-уй - устоз ижодкор истиқомат қилган уйда уларнинг хотирасига бағишлаб хотира барельефининг тантанали очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид миллий адабиётимизнинг камтарин намояндаси бўлган устоз Машраб Бобоев одамийлиги, одамгарчилиги, теран савияси, талабчанлиги билан ижодкорлар, шогирдлар кўнглида мангуга қолганини таъкидлади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов адабиёт, сўз санъатига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ижодкор зиёлилар, бутун китобхон халқимизни қувонтираётганини алоҳида қайд этди.
Машраб Бобоев бетакрор шоир, драматург, моҳир адиб сифатида сўз санъати мухлислари қалбидан ўрин олгани таъкидланди.
Устоз ёзган асарлар, шеърлар ҳамон қалбимизда яшамоқда. Зеро, уларда халқ қалбининг ҳарорати, ўзлигимиз мужассамдир.
Машраб Бобоев йирик ва моҳир таржимон сифатида ҳам миллий адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган ижодкор эди.
[gallery-4536]
- Машраб ака ҳақида кўп гапириш мумкин, - деди таниқли адиб, " Гулистон" журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов. - У кишининг таржимага, ижодга, ишга ўта масъулият билан ёндашиши, сўзга бўлган эътибори, оиласи, фарзандлари, умуман, халқимизга меҳри ибратга арзигуликдир. Дунёнинг етакчи асарларини китобхон Машраб ака Бобоев таржимасида ўқишга муваффақ бўлган.
- Отамиз хотирасига кўрсатилаётган бу эътибордан ғоят мамнунмиз, - деди устознинг қизи Мукофот Бобоева. - Бундай эътибор қалбимизни қувончга тўлдирди.
Ҳа, бугун пойтахтимиздаги хонадонлардан бирининг остонасига устоз ижодкор, қадрдон сиймо, камтарин ёзувчи, моҳир таржимон Машраб Бобоев хотирасига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Бу эса миллий адабиётимиз, ижод аҳлига бўлган чексиз эҳтиромнинг амалий намунасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА