Меҳри уммон мураббий, заҳматкаш олим
Андижон давлат университети “Немис тили ва адабиёти” кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор, Россия ижтимоий ва педагогика фанлари академияси академиги, Германия Федератив Республикаси Лейпциг университети транслатология институти фахрий профессори Мухторхон Умархўжаев бу йил қутлуғ 80 ёшни қаршилади.
Мамлакатимизнинг забардаст олимларидан бири, Андижон фарзанди филология фанлари доктори, профессор Мухторхон Эшонхўжаевич Умархўжаев болалигидан илмга қизиққан, меҳнаткаш инсон. У 1943 йил 15 сентябрда Андижон шаҳрида зиёли оиласида таваллуд топди. Мактаб ёшидан бошлаб немис тили фанига меҳр қўйди ва фанни пухта ўргана бошлади. Немис тили ва немис халқи адабиётига бўлган қизиқиши уни пойтахтдаги олийгоҳга етаклади.

1962- 1967 йиллар Тошкент давлат чет тиллар педагогика институтида “Немис тили ҳамда ўзбек тили ва адабиёти” ихтисослиги бўйича таҳсил олгандан сўнг, 1968-1972 йиллар Москва давлат чет тиллар институтида машҳур таржимон М.Я.Цвиллинг ва Германия Лейпциг университетида профессор Отто Каде раҳбарлигида тилшуносликнинг фразеология соҳасида илмий изланишлар олиб борди.
У 1972 йили Москва давлат чет тиллар институти ҳузуридаги илмий кенгашда “Принципы составления многоязычного фразеологического словаря” мавзусида номзодлик диссертациясини мувафаққиятли ҳимоя қилди.

Ёш олим илмий изланишларини изчил давом эттирди ва 1978-1979 йиллари Москва ва Берлин университетларида машҳур луғатшунос Рут Клаппенбах раҳбарлигида докторлик учун илмий тадқиқотлар олиб борди. 1981 йилда Фанлар Академияси тилшунослик институтида «Основы фразеографии» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1984 йилда олимга профессор унвони берилди.

Устоз 1972 йил Андижон давлат тиллар педагогика институтининг немис тили кафедрасида ўз иш фаолиятини бошлаб, 1973 йили кафедра мудири, доцент, 1980 йили “фонетика ва грамматика” кафедрасининг мудири, 1983-2000 йилларда Андижон давлат тиллар педагогика институти ректори лавозимида самарали, фаол меҳнат қилди. 1989-1990 йиллар Собиқ иттифоқ халқ депутати сифатида фаолият кўрсатди.
М.Умархўжаев жаҳон германистикаси, қиёсий, типологик ва умумий тилшунослик, таржима назарияси ва амалиёти фанлари ривожига, шунингдек, чет тилларни ўкитиш назариясини такомиллаштиришга, уни жаҳон стандартлари талаблари даражасига кўтаришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Олимнинг 200 дан ортиқ илмий мақола, монография, ўқув ва услубий қўлланмалари, жумладан “Умумий тилшунослик” (2010), “Олмон тили лексикологияси ва фразеологияси” (2010), “Ҳаммабоп инглиз тили” (1997), “Минг бор эшитгандан бир бор кўрган афзал” инглизча-немисча-ўзбекча тасвирий-тематик луғат (2013) ва “Минг бор эшитгандан бир бор кўрган афзал” немисча-русча-ўзбекча тасвирий-тематик луғат (2014), “Гёте ва ислом” (таржима”, Жаҳон адабиёти” журнали, 2012), “Диний атамалар ва иборалар” изоҳли луғат (2016), ўзбек ва инглиз тилларида “Қизил китобга тушмас туйғулар”(ўзбек ва инглиз тилида, 2020) каби илмий китоблари билан бир қаторда “Кўнглим кабутарлари” (1997), “Уйғоқ сатрлар” (2013) шеърий тўпламлари ҳам нашр этилган.

Устознинг назарий ва амалий тилшуносликнинг муҳим йўналишларига бағишланган илмий ишлари фразеология ва фразеография, қиёсий-чоғиштирма тилшунослик, таржимашунослик ва луғатшуносликда акс этган. Назарий ва амалий тилшуносликнинг кўрсатилган йўналишлари ичида биринчи йўналиш, яъни “фразеология ва фразеография масалалари” йўналиши унинг илмий изланишларида, серқирра полиглот олим сифатида шаклланишида жуда муҳим ўрин тутади. Боиси шундаки, ушбу соҳада олим ўзининг янги, бетакрор фразеологик ва фразеографик концепциясини яратиш билан кенг тилшунослар оммаси орасида катта эътибор қозонди. Олимнинг “Очерки по современной фразеографии” (Ташкент, 1977), “Основы фразеографии” (Ташкент, 1983) номли монографиялари, шунингдек, бир қатор хорижий журналларда чоп этилган, салоҳияти монографиялардан кам бўлмаган инқилобий мақолалари мазкур соҳалар бўйича ҳозиргача таянч назарий илмий изланишлар бўлиб хизмат қилмоқда.

Олимнинг фразеографик концепциясида, “фразеография” атамаси илк бор тилшуносликка киритилди. У бетакрор инқилобий характерга эга бўлди. У ўз концепциясида биринчи бор тилшуносликда фразеографиянинг алоҳида йўналиш сифатида тан олиш кераклиги ғоясини илгари сурди, унинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқиш билан буни исботлади.
Айни пайтда республикамизнинг бир қатор олий ўқув юртлари илмий Кенгашларининг аъзоси сифатида Республикамиз филология илми ривожига фаол ҳисса қўшиб келмоқда.. Унинг илмий раҳбарлигида фан доктори, 3 нафар фан номзодлари, 3 нафар фалсафа докторлари (PhD) илмий ишларини мувафақиятли ҳимоя қилди.
Проф.Умархўжаевнинг “Таржимашунослик ва луғатшунослик инновация марказини ташкил этиш асосида луғат ва матн таржимони интеллектуал платформасини яратиш” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қўллаб қувватланди ва 2020 йил Андижон давлат универститети чет тиллар факультети қошида “Андижон луғағатшунослик ва таржимашунослик илмий-амалий инновациялар маркази” ташкил этилди.
2018 йилда таниқли олим ёш авлодни тарбиялаш, илмий кадрлар етиштириш ишларидаги фидокорона меҳнатлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Илм аҳли орасида алоҳида эъзозга сазовор бўлган жонкуяр олим, камтарин инсон, қалби уммон мураббий Мухторхон домлага соғлик-саломатлик, узоқ умр тилаймиз.
Н.Ғаффоров,
ЎзДЖТСУ
Ўзбек ва чет тиллари кафедраси мудири, доцент, филология фанлари доктори