Меҳр ва эътибор кўрсатиш азалий қадриятдир
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Наманган шаҳридаги “Шердор” тантаналар мажмуасида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган дастурхон атрофидаги тадбирга жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан жамият тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган 350 нафардан зиёд матонатли ҳамюртларимиз таклиф қилинди.

Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларга алоҳида эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатилаётгани янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилига ҳамоҳанг эканлигини таъкидлади.
Бугунги кунда Наманган вилоятида 81 мингга яқин ногиронлиги бор фуқароларнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини ҳис қилиб яшаши, ўқиши ва меҳнат қилиши, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилган.

– Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 минг 155 нафар ногиронлиги бор шахсга оддий ва электрон ногиронлар аравачалари, 651 нафарига эшитиш мосламаси, 1591 нафарига қўлтиқ-таёқ ва юриш мосламалари, 1315 нафарига эса протез-ортопедия маҳсулотлари, 1626 нафарига соғломлаштириш масканларига йўлланмалар берилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев. – Наманган вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари берган йўлланма асосида ўтган даврда 1 минг 118 нафар ногиронлиги бўлган шахс, шу жумладан, 84 нафар болага ўзи-ўзини бошқариш, ўз-ўзига хизмат қилиш, протез-ортопедия буюмларидан фойдаланиш бўйича реабилитация тадбирлари ўтказилди. Қолаверса, вилоят бўйича 611 нафар ногиронлиги бўлган шахсни танловларсиз ишга жойлаштиришда кўмаклашилди.

– Азалдан, меҳр-оқибатли бўлган халқимизга хос бағрикенглик, меҳрибонликни доимо ич-ичимдан ҳис қиламан. Бунда ўзимдаги жисмоний кемтикларни асло сезмайман, – дейди Наманган вилояти Чуст тумани Ёрқишлоқ маҳалласида яшовчи халқаро тоифадаги спорт устаси, спортнинг пауэрлифтинг тури бўйича Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси аъзоси, “Париж-2024” ёзги Паралимпия ўйинлари рекордчиси Рухшона Ўктамова. – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоятимиз ҳокимининг фахрий ёрлиғига муносиб кўрилишим мен учун кутилмаган қувонч бўлди. Зеро, ҳеч ким меҳру эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Жорий йилнинг 28-август – 8-сентябрь кунлари Францияда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида гарчи совриндорликка эриша олмаган бўлсамда, 114 кило натижа билан парапауэрлифтинг бўйича ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгиладим. Бу менга келгусида ўз устимда интилишга янада куч бағишлади. 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўладиган навбатдаги Паралимпия ўйинларидан олтин медаль билан қайтиш ниятим бор.
Байрам тадбирида санъаткорларнинг шўх куй-қўшиқлари, тақдим этилган эсдалик совғалари барчага мамнунлик улашди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА