Меҳр ва эътибор инсон танламайди
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими, Наманган тумани ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида "Меҳр ва эътибор инсон танламайди" шиори остида саховат тадбирлари ўтказилди.
Муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан “Маҳалла” фонди ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор оилаларга озиқ-овқатлар, ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа бир қатор ижтимоий ёрдамлар ажратиб, уларни ўз манзилларига етказиб берди. Жумладан, Наманган шаҳрининг Диёр маҳалласида яшовчи, 1940 йилда туғилган Маъмурахон момога кексалик сабаб юриш-ҳаракатланишида муаммолари борлиги сабабли ногиронлик аравачаси топширилди.

Наманган туманида истиқомат қилувчи 30 та оилага қутлуғ айёмни нишонлаш учун зарур бўлган ногиронлик ашёлари, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши замирида азал-азалдан халқимизга хос бўлган саховат, меҳру оқибат фазилатлари натижасида ҳаётда маълум сабаб билан молиявий муаммоларга юз тутган хонадон соҳибларига қувонч бахш этилганида кўриш мумкин.

Кўлбўйи маҳалласида яшовчи, 1951 йилда туғилган Маҳмуджон Раҳимов узоқ йиллар тумандаги 8-сонли умумтаълим мактабида ҳамда Наманган давлат университетида жисмоний тарбия ва спорт фанидан ўқувчиларга сабоқ берган. Ўқувчилари орасида Одилжон Ҳамробеков “Пахтакор” футбол жамоаси ўйинчиси ҳисобланади. 2009 йилда суяк емирилишини ташхис қилган тиббиёт ходимлари тавсиясига асосан ногиронлик аравачасига эхтиёж туғилди, шу сабабли отахонга ҳам ногиронлик аравачаси топширилди.

Шўрқўрғон маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Муҳаббат Хўжаевага тиббиёт ходимлари биринчи гуруҳ ногиронлигини қайд этган. Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жарроҳлик амалиёти ўтказилганлигига қарамай юриш-ҳаракатланиш тизимида муаммолари мавжуд. Айни шу сабабли ногиронлик аравачаси берилди. Бугунги кунда Муҳаббат укаси Эркинжоннинг қарамоғида яшаб келмоқда.

– Ҳайит байрами арафасида менга зарур бўлган ногиронлик аравачасини, озиқ-овқатларни топширишди. Ёшлигимдан паралиж касаллиги билан оғрийман, – дейди бемор Муҳаббат Хўжаева. – Ҳанузгача ҳаракатланишда қийналаман. Кўчага чиқишга, қариндошлар, қўшнилар билан дийдорлашишда маълум муаммолар бор эди. Мана энди кўрсатилган ғамхўрлик натижасида муаммоларим ҳал бўлди. Ташкилотчилардан беҳад миннатдорман.

Қайд этиш жоиз, мазкур эзгулик тадбирлари Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси томонидан ғолиб деб топилган “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган тумани бўлинмасининг "Меҳр ва эътибор инсон танламайди" мавзусидаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Бу каби тадбирлар “Маҳалла” фонди томонидан барча шаҳар ва туманларда амалга оширилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА