Меҳр қолур, оқибат қолур
Наманган шаҳридаги “Шердор” тантаналар мажмуасида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган дастурхон атрофидаги байрам тадбирига жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан жамият тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз таклиф қилинди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани, бу борада ногиронлиги бўлган фуқароларга алоҳида эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатилаётганлигини таъкидлади.


Эътироф этиш даркор, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, шу асосда Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани мисолида кўриш мумкин. Чунончи, жорий йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деб эълон қилингани ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигини англатади. Бугунги кунда Наманган вилоятида 74 минг нафардан зиёд ногиронлиги бор фуқаронинг жамиятда ўз муносиб ўрнини ҳис қилиб яшаши, ўқиши ва меҳнат қилиши, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилган.


Вилоятдаги мавжуд турар жойларда, маъмурий хўжалик ишлаб чиқариш биноларида, спорт ва маданий иншоотларда, жамоат транспортларида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус мосламалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.


– Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 минг 597 нафар ногиронлиги бор шахсга ногиронлик аравачаси, 617 нафарига эшитиш мосламаси, 257 нафарига қўлтиқ таёқ, 326 нафарига ҳасса, 54 нафарига юриш мосламаси, 1 минг 310 нафарига соғломлаштириш масканларига йўлланмалар берилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев. – Қолаверса, жисмоний имконияти чекланган 412 нафар ҳамюртимизга уй-жойини таъмирлашда кўмак, 12 минг нафардан ортиғига эса моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан уч баробар кўпайгани ногиронлиги бор шахслар манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар кучайганни кўрсатмоқда. Қайд этиш керакки, ҳозир вилоятда ногиронлиги бор шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилишга ихтисослашган 10 дан ортиқ турли нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Биргина Ногиронлар жамияти вилоят ва туман бўлимларига 74 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бор фуқаролар аъзо сифатида қамраб олинган.


– Миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб, йиқилганни суяб, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб келган. Халқимизга хос бағрикенглик, меҳрибонликдан беихтиёр фахр-ифтихор туясан киши, – дейди параатлетиканинг ядро-диск улоқтириш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпионати совриндори, чустлик спорт устаси Толибжон Йўлдошев. – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғига муносиб кўрилишим мен учун кутилмаган бўлди. Бу эътибордан кўзларим қувончга тўлди. Зеро, инсондан меҳру муҳаббат, одамийлик қолади. Якунига етаётган 2023 йил ҳаётимда унутилмас из қолдирди. Июль ойида Францияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлдим. Октябрь ойида Хитойда ўтказилган Параосиё ўйинларида кумуш медал билан тақдирландим. Асосийси, келаси йилда Париж шаҳри мезбонлик қиладиган Паралампия ўйинларига йўлланмани қўлга киритдим.
Байрам тадбирида хушовоз санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, тақдим этилган совғалар барчага хурсандчилик улашди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири