Меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Бутун ислом олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойи бошланмоқда. Қалблар покланадиган бу муаззам ойда муқаддас динимизга хос энг эзгу қадриятлар – бағрикенглик ва меҳр-мурувват, саховатпешалик намоён бўлади. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган қарорига кўра, юртимизда муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
– Қарорга мувофиқ, жорий йилда ушбу муборак ой “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси асосида ўтказилади, – дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон Алимов. – Ой мобайнида кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Маҳаллаларда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш, тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишлари жадаллаштирилади. Бу саъй-ҳаракатлар Рамазон ойининг мазмун-моҳиятига тўла уйғун. Зеро, бу фаслда қилинган ҳар бир хайрли амалнинг савоби бир неча баробар қилиб берилади. Эҳтиёжмандлар, беморлар ва кексалардан хабар олиш, уларга меҳр-шафқат кўрсатиш энг улуғ ибодатлардандир. Аввало, қўни-қўшни ва қариндошлар ҳолидан огоҳ бўлиб, уларнинг кўнглини кўтариш, етим-есирлар, ногиронлар ва беморларга ғамхўрлик қилиш орқали тутган рўзамизнинг ажри янада зиёда бўлади, иншооллоҳ.

Рамазоннинг асосий мақсади – тақво. Яъни инсоннинг қалби покланиши, нафс тарбияси, ҳалол-ҳаромни англаб яшаши ва Аллоҳга яқинлашишидир. Рўза инсонни яширин ва ошкора ҳолатларда ҳам ўзини назорат қилишга ўргатади. Очлик ва чанқоқлик орқали нафс синалади, ирода мустаҳкамланади. Рамазон нафақат очлик, балки қалб тарбияси, гуноҳдан покланиш ва Аллоҳга яқинлашиш ойидир. Бу ойда инсон ўзини фақат еб-ичишдан эмас, тилни ёмон сўздан, кўзни ҳаромдан, қулоқни ғийбатдан, қалбни кибр ва ҳасаддан сақлаши лозим. Бинобарин уламоларимиз айтганидек, ҳақиқий рўза – бутун аъзоларнинг рўзасидир.

Қарорда Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган. Албатта, Рамазон исроф ойи эмас. Афсуски, баъзан ифторлик дастурхонлари дабдаба ва манманликка айланиб кетмоқда. Бу эса муборак ойнинг руҳига тамомила зиддир. Куни билан оч юрдим, деб ифторлик ёки саҳарликда жуда кўп овқат ейиш инсон саломатлигига ҳам жиддий хавф солади. Бир коса овқат, бир бурда нон билан ҳам нафсни қондириш, ифторлик қилиш мумкин. Рўза ибодатининг мазмуни фақат оч юриш эмас, ихлос ва шукрдир. Барака ҳам қаноатда, исроф баракани кетказади.

Юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам мўмин-мусулмонларининг Рамазон ойи ибодатини тўла тўкис, муносиб шароитда адо этишлари учун масжидларда барча имкониятлар яратилмоқда. Масжидлар ва улар атрофида хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чоралар кўрилди. Бу муборак ойда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш учун йирик савдо марказлари ва бозорларда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилди.

Вилоят бош имом хатибининг қайд этишича, Рамазон ойида Самарқанддаги 288 та жоме масжидида таровиҳ намози ўқилади, 204 та масжидда Қуръон хатм қилинади.
– Хатмоналарда 370 нафар қори иштирок этиб, Қуръоннинг нозик тиловати билан масжидларимизга нур, файз ва маънавий муҳит бағишлайди, – дейди Аҳмадхон Алимов. – Рамазон қалбни поклаш, ҳаётни ислоҳ қилиш, оилани мустаҳкамлаш ойидир. Тилларимиз зикр билан, қалбларимиз тақво билан, уйларимиз Қуръон нури билан тўлсин. Аллоҳ таоло бу ойни барчамиз учун раҳмат, мағфират ва гуноҳлардан покланиш ойи қилсин!
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири