“Меҳр дарёси”дан миллий “бренд” сари қадам
“Субҳидамда очилган гуллар ”, “Ҳаётнинг бошланиши”, “Биллур елпиғич”, “Осмонларда туташган кўнгил”, ”Унутдим ички дунё борлигини бир кечада”, ”Кўнгил дастурхонида”...
Инсон хотирасидан учиб, жисмига жо бўлгувчи бу сарлавҳалар аллақачон рассом мўйқалами орқали қоғозларга кўчган. Ўзбекистон Бадиий академияси “Академия” галереяси деворларини безаган суратлар Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур ижодига мансуб.

Рассомнинг ҳар бир қарашида ўзбекнинг характери, айниқса, оила муҳитининг нафаси уфуриб турганини сезиш қийин эмас. “Биллур елпиғич” номли суратга боқиб, гўзал орзуларга берилсангиз, “Ўша кун” болалик хотираларингизни ёдга солади. Умуман, бу галереядига суратларнинг барчаси гўзал орзулар, ниятлар, соф муҳаббат билан яралганини сезиш қийин эмас. Чунки рассом танлаган ранглар орасида бирорта ҳам қора кунларни, муаммоларни ёдга соладиган бўғиқ рангларни кўрмайсиз. Ҳаммаси ёрқин, ҳаммаси сизни поклик сари етаклайди.

“Mursak” модалар уйи раҳбари, дизайнер Нилуфар Абдувалиевани ҳам ушбу галереядаги суратлар эътиборсиз қолдирмайди. У Акмал Нуриддиновга ҳамкорликни таклиф қилади. Икки ижодкорнинг ҳамкорлиги натижасида Ўзбекистон Бадиий академияси “Академия” галереясида “Меҳр дарёси” деб номланган трикотаж линияси ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳанинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Энди Акмал Нур чизган суратлар “Mursak” модалар уйи томонидан ишлаб чиқарилган футболкаларда акс этади.
“Меҳр дарёси” лойиҳаси трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йўлга қўйилган бўлиб, лойиҳа доирасида хайрия ишлари амалга оширилади, яъни даромаднинг бир қисми Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида Акмал Нур асарлари намойиши ҳам ташкил қилинди. Экспозицияда рассомнинг сўнгги йилларда яратилган янги асарлари ҳам ўрин олди.
– Ғояни ўйлаб топиш осон, аммо уни амалга ошириш ўзига яраша машаққат ҳамда маблағ талаб қилади. —дейди Нилуфар Абдувалиева. –Бу ғояни амалга оширишда менга кўпчилик ижодкорлар ёрдам берди. Акмал аканинг суратларини танлашимга сабаб унда миллийлик, ўзбекона қадриятларимиз акс этган. Лойиҳадан кўзланган мақсад моддият эмас. Эътибор берган бўлсангиз, ҳозир аксарият ёшларимиз хорижий сўзлар битилган футболкалар, кўйлакларни кийишни одат қилишган. Уларнинг баъзилари эгнидаги кийимга ёзилган сўзларнинг маъносини тушунса, кўплари тушунмайди. Ниятимиз кийган либосимиз айтаётган сўзимизга, феълимизга, яшаш тарзимизга мос бўлсин.

Кенг жамоатчилик, соҳа вакиллари иштирок этган тадбирда ташкилотчилар халқимизга хос ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат қадриятлари мавжуд бўлиб, улар ичида хайрия ва ҳомийлик анъанаси муҳим ўрин тутишини, мазкур лойиҳа бежиз “Меҳр дарёси” деб ном олмагани, халқимизнинг инсонпарварлик хислатлари янада равнақ топишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг “Art model agency” модель агентлиги томонидан трикотаж коллекцияси намойиш этилди ва барчаниниг қизиқишига сазовор бўлди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА