Боғлар яратиш, манзарали дарахтлар экиш савобли иш бўлиб, эзгу қадрият айланган. Хусусан, Фарғона вилоятида кафтдек ерда турли кўчатлар парваришлаб, миллионлаб даромад олаётган оилалар кўп. Бу борада қуваликлар ўзига хос мактаб яратган бўлса, кейинги йилларда бошқа ҳудудларда ҳам бу оммалашиб бораётир.

Уруғни ерга қадаб, парваришлаб, пайвандлаб, мевали кўчатга айлантириш учун деҳқондан катта сабот, меҳнатга ижодкорона ёндашув талаб этилади. Фарғона туманидаги “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли кўчат етиштириш ҳадисини олган. Қиш остона хатлаган бўлсада томорқа, боғдорчилик юмушлари авжида. Шудгорланган майдонларга данак экиш бошланди. Тупроқ ҳароратида данаклардан унган ниҳоллар баҳор қуёшида аста бош кўтаради. Август ойи навларни саралаш, пайвандлашда муҳим палла ҳисобланади. Кўчат етиштириш, пайвандлашда ўзига хос тажрибага эга бўлган меҳнатободликлар йилнинг тўрт фаслида яхши даромад топади.

Миришкорликда Бекзод Зокировга етадигани йўқ. Ёш бўлсада кўчат етиштириш, пайвандлаш ишларида тажрибаси катта.

-Айни кунда ўн сотих майдонга данак экдик, бу ўн минг туп кўчат дегани,- дейди ёш боғбон. -Бир дона ниҳол кўчат ҳолига келгунча уч йил фурсат талаб этилади. Ҳозирда 10 минг туп ўрик, бодом, олма, шафтоли, гилос навлари баҳорги экиш мавсумига тайёр. Бу 50 миллион сўмдан ортиқ даромаддир. Бундан ташқари, аҳоли талабига мос бўлган интенсив кўчатларни парваришлашни йўлга қўйдик. Шу мақсадда Қирғизистондан “Крепсон“, “Оқ олма”, Туркиядан гилос навларини олиб келяпмиз.

Меҳнатободликлар етиштирган кўчат навлари серҳосиллиги, яхши туп олиши билан ажралиб туради.

- Маҳалламизда кўчат етиштириш тажрибалари оммалашиб бормоқда, -дейди фуқаролар йиғини раиси Шуҳратжон Мамажонов.- Жумладан, Жанубий Корея ва Сербиядан янги нок навлари олиб келиниб маҳаллийлаштирилди. Ниҳоллар эрта ва сифатли ҳосил бериш хусусиятлари билан ажралиб туради. Ҳудудимизда 50 гектар томорқа бор. Шу кунгача ўнта янги иссиқхона қурилди. Бу ерда эртанги бодринг, памидор, цитрус мевалар етиштирилмоқда.

“Оқ йўл барака” фермер хўжалиги мевали ва манзарали кўчат етиштирувчи боғбонлар билан ижара асосида иш олиб бормоқда. Жорий йилда фермер боғларида етиштирилган 1 миллон 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот эскпорти амалга оширилди. Бунинг 60 минг доллари сара кўчатлар ҳиссасига тўғри келади.

М. Сулаймонов, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Меҳнатобод”да кўчат экспорт қилинади