Меҳнатимдан завқ оламан
Юртимизнинг қадим ҳунармандчилик намуналари сайёҳларни доимий ҳайратга солиб келган. Ҳозирда бухоролик уста томонидан ХIХ асрга оид ноёб буюмлар қайтадан ўз ҳолига қайтарилмоқда.
Бухоро давлат музей қўриқхонасида 5 мингдан ортиқ матолар сақланади. Улар турли даврларга оид бўлиб, ҳар бирининг ўз тарихи бор. Халқимизнинг бой маданияти, анъаналари ва турмуш тарзи ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассам этган бу либослар ҳозирда маҳаллий мутахассислар томонидан қайта тикланмоқда.

Мутахассисларинг таъкидлашича, тарихнинг ёрдамчи соҳаси бўлган мато реставрацияси унча ривожланмаган. Саноқли ва йирик музейлардагина бундай фаолият мавжуд. Бухорода ҳам эндиликда дизайнерлик йўналишида таҳсил олган Мастура Файзиева ушбу соҳани чуқур ўзлаштириб, тарихий ашёларга қайта ҳаёт бахш этмоқда.
– Айни пайтда қадимий кўйлакларда реставрация ва концервация ишларини олиб бормоқдаман. ХIХ аср охири ХХ аср бошларига оид матоларни намойишга қайтариш учун бор маҳоратимни ишга солмоқдаман. Матога зарар етказмай, замонавий маҳсулотлардан фойдаланмаган ҳолда фақат қўл меҳнати орқали қайта ҳаёт бағишлаш менга завқ беради. Ҳар бир матони тиклашда аслига яқин бўлган хомашёдан фойдаланилмоқда, – дейди Бухоро давлат музейи илмий ходими Мастура Файзиева.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири