Меҳнатидан қадр топган устоз
Ўқитувчилик шарафли ва масъулиятли касб. У ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этиб, касбининг фидойиси бўлсагина, у эл-юрт орасида эъзоз, ҳурмат-эътибор топа олади.
Юртимизда касбининг фидойиси бўлиб, узоқ йиллар давомида ибратли фаолият юритиб келаётган, касби ортида эъзоз ва қадр топаётган ўқитувчилар жуда кўп. Улардан бири Марҳамат туманидаги 31-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Хайитбой Салимовдир.
Қарийб ярим асрдан буён муаллимлик касбини улуғлаб келаётган устоз Хайитбой Салимов Марҳамат тумани Қовунчи қишлоғида жойлашган 25-ўрта мактабда таҳсил олган. Болалигидан муаллим бўлишни ният қилган Хайитбой мактабни тамомлаб, 1972 йилда Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат университети)нинг математика факультетига ўқишга киради. Институтда устозларидан фаннинг, педагог касбининг ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганди. Олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлагагач, ёш мутахассис меҳнат фаолиятини она қишлоғидаги, ўзи ўқиган 25-ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлади.

Ўз ишига масъулият билан ёндашган ёш мутахассис устозларидан касб сирларини пухта ўрганди, йиллар давомида ўзининг билим, малака ва тажрибасини бойитди. Дарсларни қизиқарли, кўргазмали воситалар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратди.
Ўтган асрнинг 80-йилларига келиб, Хайитбой Салимовнинг ўқувчилари туман, вилоят олимпиадаларида юқори натижаларга эриша бошлади. Ўз соҳасининг етук мутахассисига айланган қаҳрамонимизнинг иш услублари туман, вилоят миқёсида оммалаштирилди, фаолияти бўйича вилоят семинарлари ўтказилди. Ана шу тариқа устоз муваффақиятларининг салмоғи ортиб борди.
– Меҳнат фаолиятимдаги биринчи катта муваффақият 1983 йилда бўлган эди, – дея хотирлайди устоз Хайитбой Салимов. – Ўшанда ўқувчиларим собиқ иттифоқ миқёсида чоп этиладиган “Математика в школе” журнали томонидан ўтказилган фан мусобақасида фахрли 3-ўринни эгаллади. Бу ўша вақтда жуда катта ютуқ эди. Кейинчалик меҳнатларим самарасини шогирдларимнинг муваффақиятларида кўра бошладим. Кейинроқ ўқувчиларимдан Манзурахон Яқубова республика фан олимпиадасида совриндор бўлди. Бу каби ютуқлар талайгина. Ҳар бир шогирдимнинг ютуғи менга ҳамиша куч, шижоат берган, касбимдан фахрланганман.

Устоз 1998 йилда тумандаги 31-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатига ишга ўтди. Ўшандан буён ушбу даргоҳда ёшларга пухта билим бериб келмоқда. Тажрибали, моҳир математик Хайитбой Салимовнинг ўқувчилари кўп йиллардан буён олий ўқув юртига киришда республика бўйича энг юқори кўрсаткичларга эришиб келмоқда.
Фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлади. Ёш ўқитувчиларга устозлик қилди. Бундан ташқари, устоз қатор йиллар давомида математика фани бўйича туман, вилоят ва республика фан олимпиадаларини ўтказишда эксперт сифатида фаол иштирок этди. Республика ва халқаро миқёсдаги семинар ва конференцияларда қатнашди. Фан йўналишидаги ишлари, ташаббуслари вилоят миқёсида бир неча бор оммалаштирилди.
Бугунги кунда Хайитбой Салимов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг математика дарсликлари бўйича эксперти саналади. Устоз самарали меҳнатлари билан “Методист ўқитувчи”, “Халқ таълими аълочиси” унвонларига сазовор бўлган.
Хайитбой Салимов нафақат касбининг фидойиси, ўз ишининг малакали мутахассиси, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг соҳиби ҳамдир. У турмуш ўртоғи Ойпархон ая билан 2 қиз, 3 ўғил – 5 нафар фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшди. Бугун фарзандларидан уч нафари оталарининг касбини эгаллаб, ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Катта фарзанди Раънохон Салимова эса ўзи билан бирга битта таълим даргоҳида меҳнат қилади.
Кўп йиллардан буён самарали фаолият олиб бораётган фахрий муаллим нафақат ҳамкасблари, балки маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик ўртасида ҳам катта ҳурмат-эътибор топган. Қолаверса, унинг самарали меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Мендай кекса бир ўқитувчининг меҳнатлари эътироф этилганидан беҳад хурсанд бўлдим, – дейди устоз Хайитбой Салимов. – Касбидан, меҳнатидан қадр топиш барчага насиб этсин. Менга берилган “Шуҳрат” медали эътибор, эътирофнинг намунасидир. Инсон қадри улуғланаётган, ўқитувчи, илм, фан вакиллари эъзоз топаётган юртимиз ҳамиша тинч ва обод бўлсин.
Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири билан тақдирланган Хайитбой Салимов каби фидойи, фахрий устозлар ҳамиша омон бўлсин.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари