Қашқадарё вилояти Китоб тумани Қайнар қишлоғи ҳақида гап кетганда кўпчилик ҳудуднинг сўлим табиатию хушманзара жойлари билан бирга у ернинг шифобахш булоқ сувларида етиштирилган, таъми ўзгача узумлари ва улардан тайёрланган витаминларга бой майизлари ҳақида гапиришади.
Минг эшитгандан бир бор кўрган афзал деганларидек, фотомухбир билан Қайнарга қараб йўл олдик.
Китоб тумани марказидан ўтиб, Қайнар маҳалласига яқинлашар эканмиз, тобора юқорига кўтарилиб борамиз. Ҳаво ҳарорати ҳам салқинлай бошлайди.
Ниҳоят “Қайнар” МФЙ биноси олдига келдик. У ердан маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб фаолият юритувчи Зарифа Хидирова бизга ҳамроҳлик қилди.
Йўл-йўлакай маҳалла одамлари ҳақида суҳбатлашиб кетдик.
– Маҳалламизда бирорта бекор юрган одамни кўрмайсиз, – дейди З.Хидирова. – Хорижга ҳам кетишмайди. Боиси, маҳалламизнинг асосий драйвери бу туризм ва узумчилик. Ҳудудимизнинг умумий ер майдони 6 минг гектарни ташкил этса, шундан 2 минг гектардан ошиғи томорқа ерлари. Шу ерларда одамларимиз боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик билан шуғулланишади. Айниқса, узумчилик ва майизчиликда узоқ йиллик тажрибага эгамиз. Йилига маҳалламизда 20-30 тоннагача майиз тайёрланади. Яна шунча хўраки узум етиштирилиб бозорга чиқарилади. Ҳар бир хонадоннинг 20-30 сотихдан томорқаси бор.
Паст-баланд сойлик йўллардан қишлоқ оралаб юрар эканмиз, узумзорларга кўзимиз тушади. Битта томорқада ҳашарчилар ишлаб турганига гувоҳ бўлдик ва шу ерга тўхтадик.
Ушбу узумзор тажрибали боғбон Тўхтамурод Кенжаевга қарашли экан. Ҳорманг, дея ҳовлига кирар эканмиз, боғбонни соякихонанинг томида учратдик. Боғбон елим қутиларда олиб чиқилган узумларни томга ёймоқда. Қолганлар пастдаги узумларни саралаш ва ишкомларга илиш билан оввора.
Соякихона – бу етилиб пишган узумларни қуритиш учун мўлжалланган, пахса лойдан гирди атрофида шамол айланадиган махсус туйнуклар қолдириб қурилган иморат. Унинг ичига томидаги ёғочларга тут ёки қамиш чўпидан нарвонсимон қилиб тўқилган ишкомлар осилади. Уларнинг ҳар бири 350 килограммгача ҳосилни кўтаради. Сиғими уч-тўрт тоннагача.
Боғбон томдан тушгунча узумларни саралаётган аёллар билан суҳбатлашамиз.
– Узумларни илиш, қуриган майизларни йиғиш ишларини асосан хотин-қизлар бажаради, – дейди хонадон бекаси Нодира Муродова. – Ҳар йили терим мавсумида ҳашар қиламиз. Қўни-қўшни, қариндош уруғ ёрдамга келади. Латифаю қўшиқлар хиргойи қилиб, узумларни саралаб, ишкомларга илиб чиқамиз. Саралари сояки майиз қилиш учун ичкарига, қолганлари ошмайиз қилиш учун томга ёйиб чиқилади. Уни офтоби майиз деймиз. Токларни парваришлаш, тагини чопиш, буташ, кўмиш каби ишларни эркаклар бажаради. Оилавий меҳнат қиламиз. Шунга яраша роҳатини ҳам кўрамиз.
Дарҳақиқат, ишкомларда осиғлик қора кишмиш, оқ кишмиш узумлар ипга тизилган маржон доналарини эслатади. Инсоннинг қўли гул деймиз. Она табиат етиштирган бундай мевалар айни ўлкамизда етиштирилаётганидан фахрланасан.
Ишчилар бутун дала бўйлаб меҳнат қилмоқда. Бир гуруҳ хотин-қизлар ертоклардаги узумларни териш билан банд бўлса, бир гуруҳ эркаклар уларни ташимоқда. Бирликда гап кўп. Қишлоқ одамларининг айтишича, қишлоқни оралаб “Совуқбулоқ” сойи оқиб ўтади. Унинг суви сой бўйлаб отилиб чиқиб турган ўнлаб булоқ ва чашмалардан шаклланади. Ушбу чашма ва булоқ сувлари зилол ва болдек ширин. Бир пиёла ичсангиз бас, чанқоғингиз босилади. Бутун вужудингизда ҳузурни ҳис этасиз. Энди мана шундай шифобахш булоқ ва чашма сувлари билан суғорилган токларда етилиб пишган кишмишларни ва ундан тайёрланган майизларни тасаввур қилаверинг. Қайнарликлар етиштирган узумлар ва майизларнинг нима сабабдан харидоргир эканини пайқагандай бўламиз.
Томдан тушган Тўхтамурод ака татиб кўринг меҳмон ҳосилимиздан, дея икки-уч бош қора ва оқ кишмиш узумларни ювиб келтиради. Бир нечта донасидан узиб еймиз, шираси томоқни қириб ўтади. Сувдан ичинг, йўқса ютина олмай қоласиз, дейди боғбон ҳазиллашиб.
Деҳқонни суҳбатга чорлаймиз, бу қадар ширали узумни етиштиришнинг сира нимада, сўраймиз деҳқондан.
– Аслида ҳеч қандай сир йўқ, ҳаммаси астойдил меҳнат ва она табиат яратиб берган шароитда, – дейди Тўхтамурод Кенжаев. – Сувимиз ширин, табиатимиз салқин, тупроғимиз унумдор. Томорқада оилавий меҳнат қиламиз. Шунга яраша даромад оламиз. 20 сотих жойда токзоримиз бор. Шундан йилига 3 тоннага яқин хўраки, яна шунча майизбоп узум етиштирамиз. Хўракисини сотамиз. Қолганидан 2 тоннага яқин оқ ва қора майиз чиқади. Бундан ташқари, ўтган йили ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 60 та оила асалари ҳам қилдик. Унинг ҳам даромади ёмонмас.
Ушбу қишлоқдаги қайси хонадонга кирманг, томорқада яшнаб турган узумзорларга ва уларда маржондек ялтираб осилиб турган узумларга кўзингиз тушади. Албатта, бу машаққатли меҳнат ва ундан олинаётган бараканинг ифодаси.
Кейинги хонадон Отамурод Кенжаевнинг ҳовлиси экан. Вайишга ток новдалари бир хил таралган. Узумлар ҳам бир текис ҳосил қилган, гуё ҳар бири доналаб илиб чиқилгандек. Боғда эса олма, нок каби мевали дарахтлар шиғил ҳосил туккан. Деҳқоннинг омилкорлигидан кўз қувнайди.
[gallery-18903]
– Узумчиликдан бу йил даромадимиз яхши бўлди, – дейди Отамурод Кенжаев. – Ҳосил яхши. 20 сотихдан зиёд жойда узумзоримиз бор. Майиз қилинадиганларини майиз қиляпмиз. Сотувга чиқарилганини сотяпмиз. Оқ кишмиш, қора кишмиш, ҳусайни, тойфи каби бир нечта узум навларини етиштирамиз. Харидорларнинг ўзи уйимиздан олиб кетади. Узумнинг ўзидан 35-40 миллион сўм даромад қиламиз. Бундан ташқари, чорвамиз ҳам бор. Хуллас, меҳнат қилсанг, роҳатини ҳам кўраркансан. Оилавий меҳнат қилиб шу ернинг ўзида даромад топяпмиз. Рўзғор тебратяпмиз. Тўй-ҳашам қилиб, фарзандларни ўқитяпмиз. Шукр, яшашимиз яхши. Майиз бўладиган узумларни аввалдан ота-боболаримиз мана шундай соякихоналарда қуритишган. Бугунгача биз ҳам шу усулда қуритиб келяпмиз. Бундай усулда жуда чиройли бўлиб кўм-кўк бўлиб қурийди. Харидоргир ва юмшоқ бўлади. Саралангандан қолганини офтоби майиз қиламиз. Ош майиз бўлади у. Унинг ҳам харидори кўп.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/vTQIUGJdM2M" title="Mehnatidan baraka topgan qaynarliklar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ростдан меҳнатнинг таги роҳат. Меҳнат қилган хор бўлмайди, дейди доно халқимиз. Томорқада меҳнат қилиб ҳам яхшигина даромад топиш, данғиллама уй, машина каби орзу- истакларни рўёбга чиқариш мумкин. Аслида ҳақиқий барака ҳам мана шунда. Бунга қайнарлик деҳқонлар фаолияти яққол мисол.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари