Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида мамлакатимизда катта салоҳиятга эга. Вилоятда етиштирилаётган гилос, узум, ўрик, шафтоли, анор, хурмо, қовун каби маҳсулотлар жаҳон бозорида тобора харидоргир бўлаётгани сир эмас. Жорий йилнинг 27-28 июль кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрган Президентимиз Олтиариқ туманида узумчилик соҳасида эришилаётган ютуқларни юксак эътироф этиб, туман миришкорлари тажрибасини мамлакатимиз бўйлаб оммалаштириш бўйича амалий тавсияларни берди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 август куни “2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2023-2024 йилларда мамлакатимиз миқёсида 187 минг 614 гектар майдонда янги узумзорлар барпо қилиниши белгиланди. Шу тариқа республикамизнинг 51 та туман ва шаҳрида “Олтиариқ тажрибаси” асосида ҳар бири 2-2,5 минг гектар ер майдонларида узум плантациялари ташкил этилади.
Айни кунларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Олтиариқ туманида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган туман-шаҳар ҳокимликларининг қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, илғор фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирокида амалий семинарлар ўтказилмоқда.
Олтиариқлик Ҳусанбой Ғофуров хонадонида етиштирилган узумлар йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек табиий усулда сақланади. Миришкор оила аъзолари узумнинг йигирмадан ортиқ харидоргир, экспортбоп навларини етиштириб, кейинги мавсумгача сифатли сақлаш орқали қўшимча даромад манбаига эга бўлмоқда. Бу оиланинг узумчилик борасидаги бой ҳаётий тажрибаси билан танишган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов вазирлик томонидан ушбу оилага эллик миллион сўм пул мукофоти ажратди.
– Эътибор ва рағбат бизни янада самарали меҳнат қилишга ундайди, – дейди хонадон соҳиби. – Яқин истиқболда мамлакатимизда узумчилик тармоғини ривожлантириш, шу билан бирга ўз тажрибамизни бошқа вилоятларида ҳам татбиқ этишда астойдил кўмаклашамиз.
М.Сулаймонов,
ЎзА