Аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламини корхона, ташкилот ва муассасалардаги бўш иш ўринлари ва хизмат лавозимларига ишга жойлаштириш ҳамда меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш мақсадида Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ҳамкорлигида “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди. Унда вилоятдаги 972 та давлат ташкилоти ўзларидаги мавжуд 4 301 та бўш лавозим (415 таси халқ таълими, 288 таси соғлиқни сақлаш ва 3 598 таси бошқа йўналишлар) ҳамда 60 тадбиркорлик суъбектидаги 4 419 бўш иш ўрни (қурилиш йўналишида 887 та, текстил корхоналарида 2770 та ва 762 та хизмат кўрсатишда) тақдим этилди.
Ярмаркада Тошкент шаҳрида жойлашган “Технопарк” МЧЖ иш берувчилари ҳам қатнашиб, иштирокчиларга мингдан зиёд иш ўрнини таклиф этди.
Хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъуллари томонидан хориждаги юқори даромадли бўш иш ўринлари, иш берувчиларнинг талаб ва таклифлари, четга кетиш тартиби бўйича маълумот берилди.

Жумладан, ҳозир Германияда тиббиёт, хизмат кўрсатиш, қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва юк машинаси ҳайдовчиси, жами 50 минг нафар, Буюк Британияда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасида сифат назорати менежери, қассобчилик, деҳқончилик ва мавсумий ишларда 7 500 нафар, Полшада пайвандлаш, арматура тайёрловчи, қолипчи, сувоқчи, гипсокартон устаси, саноат ва озиқ овқат соҳасида ишлаб чиқариш операторлигига 4 500 нафар ишчи кучига талаб бор.

Касб-ҳунар ўрганишни хоҳловчилар учун Гулистон, Сардоба “Ишга марҳамат” мономарказлари ва Оқолтин, Сайхунобод, Ховос ўқув марказларида ўқиш, аҳолининг даромадини янада ошириш мақсадида тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган кредит пакетлари билан аҳолини янада яқиндан таништириш юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар меҳнат қонунчилиги – Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг бандлиги тўғрисида”ги қонуни ва “Меҳнат кодекси” тўғрисида мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат олишди.

Ярмарка давомида 1000 нафардан ортиқ фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилиб, 714 нафари билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномаси расмийлаштирилди. Касб--ҳунар ўрганиш истагини билдирган 150 га яқин фуқаро ўзлари танлаган ўқув марказларига ўқишга қабул қилинди.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан энг кўп иш ўрни яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаётган иш берувчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари, бир гуруҳ ёшларга ўзини ўзи банд қилишлари учун зарур маиший техника ва асбоб-ускуналар берилди. Шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйишга кредит сўраб, мурожаат қилган фуқароларга сертификат ҳамда Гулистон “Ишга марҳамат” мономаркази битирувчиларига дипломлар тантанали равишда топширилди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири