Меҳнат қилган кам бўлмайди
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Хидрейли” маҳалла фуқаролар йиғинида 2,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий даромади деҳқончилик ва чорвачиликдан келади. Маҳалладаги Аъзам Примов хонадонининг даромади 4 сотихли иссиқхонадан. Хонадон бекаси Қизлархон Рўзиева, ўтган йил мазкур иссиқхонада помидор, булғор қалампири, бақлажон парваришлаб эрта баҳорда 50 миллион сўм даромад олган.
– Даромад ортидан икки қизимни орзу-ҳавас қилиб узатдик, – дейди Қизлархон опа. – Ҳозир ўғлимни олийгоҳда ўқитяпмиз. Уй-жойимизни янгиладик, машина олдик. Хуллас, меҳнат қилиб кам бўлмадик. Ҳозир иссиқхонада ерни ўғитга тўйинтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, уч бош қорамол, беш бош қўй-қўзи боқамиз.



Туманда аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича “хонадонбай” иш олиб борилмоқда. Бунда ижтимоий реестрда турган, ногиронлиги бор аҳоли вакиллари билан манзилли ишлаш, чет давлатларда юрган фуқароларни оиласи бағрига қайтариш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва кафолатли бандлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири