Меҳнат қадр топган маконга қуллуқ
Қўқон шаҳридаги Бекбўтабек маҳалласида уста Абдулҳай отанинг серфайз устахонаси бор. У ерда 20 дан ортиқ турдаги от анжомлари тайёрланади. Ҳунарманддан алоҳида иқтидор ва маҳорат талаб этадиган бу ишнинг машаққати, ўзига хос роҳатини Абдулҳай Исоқов жуда яхши билади.
Эр йигитларнинг мардлиги, шижоати, қатъияти тимсолига айланган отни, эл тили билан айтганда, “кийинтирмоқ” ҳар қандай устанинг ҳам қўлидан келавермайди. Уста отнинг тўқим, жазлиқ, жуган, айил, қуюшқон сингари, асосан, теридан ишланган анжомларини ясашни бошлагани, ушбу ҳунарини ўз тақдири, ҳаёти мазмуни деб билганига ҳам ўн йилдан ошган. Фарзандлари Абдулазизхон ва Умархонларнинг ҳам бу ишга иштиёқи баланд. Республика ва Марказий Осиё давлатларида ўтказилган ўнлаб халқаро ҳунармандчилик кўргазмаларида уста ва унинг шогирдлари ясаган маҳсулотлар намойиш этилган, иштирокчиларнинг алоҳида эътиборини тортган. Устанинг ўз ишига масъулият ва синчковлик билан ёндашиши у яратган маҳсулотларда яққол кўзга ташланиб, мамлакатимизнинг Тошкент, Андижон, Наманган, Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё каби вилоятларида ўз харидорини топгани бежиз эмас.

Энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллик байрами арафасида Президентимиз Фармони билан “Шуҳрат” медали билан мукофотланган устанинг қувончи чексиз.
– Меҳнат қадр топган маконимизга қуллуқлар бўлсин, – дейди Абдулҳай ота. – Юртимизда ҳунарга, уни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган эътибордан бошимиз кўкка етади. Айниқса, Фарғонада ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари бўйича сулолалар шаклланиб келаётгани, усталаримизга уй-устахона, уй-музейлар ташкил этишлари учун кўмак берилаётгани барчамизни қувонтиради. Юртбошимизнинг бугунгидай эътибори ва юксак рағбатидан мен каби ҳунар аҳли беҳад миннатдор.
М. Сулаймонов, ЎзА