Замондошларимиз
Ҳакимжон Жумаев Кармана туманида жойлашган “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалига қарашли маиший газ баллонларни таъмирлаш ва синаш цехида ўн олти йилдан бери чилангар бўлиб ишлаб келади. Маҳалладошлари ва касбдошлари ўртасида эътиборга сазовор бўлган бу инсон ўз меҳнатидан завқ олади.
Газ таъминоти тизимида фаолият юритишнинг ўзига яраша машаққатли томонлари бор. Аммо инсон қайси касбга меҳр қўйса, ўша соҳадаги қийинчиликларни ҳам матонат билан енгиб ўтади. Жамоасида ва эл орасида ҳурмат қозонади.

– Бир кунда ўртача 55-60 тага маиший газ баллонларни синовдан ўтказамиз ва таъмирлаймиз. Ишимиз жуда масъулиятли, эътиборсизлик, бепарволик қилишга ҳаққимиз йўқ. Биз соз ҳолатга келтирган газ баллонлардан халқимиз фойдаланиб, оғири енгил бўлаётганини ўйлаш ҳамма чарчоқларни тарқатиб юборади. Касбим орқали ҳалол ризқ топиб, кам бўлмадим. Фарзандларимни ўқитдим, учтаси олий маълумотли, ҳозир кенжамиз ҳам ўқишга кириш учун тайёрланмоқда. Севимли ишим, яхши кўрган оилам бор. Цехда шогирдларимга билганларимни ўргатишдан зерикмайман, – дейди Ҳакимжон Жумаев.
Суҳбатимиз давомида меҳнат кишини улуғлашига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
А.Бўриев, ЎзА мухбири.